Табиатга ҳар қандай зуғумнинг жавоби бор!
Яқинда жаҳон ҳамжамияти Туркиянинг Шонлиурфа вилоятида юз берган давомли ёмғир натижасида даҳшатли сув тошқини келиб чиққанига гувоҳ бўлди. Кутилмаган офат шифохоналар фаолиятини издан чиқарди, қишлоқ хўжалигига жиддий зиён етказди, уйлар, бино ва иншоотлар сув остида қолди. Бу Туркия халқи учун февраль ойида юз берган даҳшатли зилзиладан кейинги навбатдаги синов бўлди. Узоққа бормайлик, ўтган йил ёзда Покистоннинг қарийб учдан бир қисми муссон ёмғиридан кейин юзага келган сув тошқини гирдобида қолди.
Покистон халқи табиат инжиқлиги билан курашиб яшашга ўрганган, лекин кўлами бу даражада йирик сув тошқини мамлакатда 80 йилдан буён кузатилмаган экан. Офат туфайли 1200 киши қурбон бўлди, 30 миллиондан зиёд инсоннинг ҳаёти издан чиқди, 1 миллион бир юздан ортиқ уй вайрон бўлди, 5 минг километр йўл яроқсиз ҳолга келди, камида 733 минг бош қора мол нобуд бўлди.
Ҳодиса фермер хўжаликлари фаолиятига ҳам таъсир кўрсатди. Экин майдонлари сув тагида қолиб, ҳосилнинг салмоқли қисми бой берилгани сабабли очарчилик хавфи кучайди. Айни пайт мамлакат халқаро ҳамжамият ёрдамига муҳтож.
Олимлар 2100 йилга келиб дунё харитаси ўзгариши, соҳил бўйи мамлакатлар ҳудуди ўзгариши, йирик шаҳарлар қисман ёки бутунлай сув остида қолишидан огоҳлантирмоқда.
Ҳеч кимга сир эмас, бу фараз океан сатҳи кўтарилишига олиб келадиган глобал исиш оқибати сабаб пайдо бўлган. Вақти келиб инсоният закоси маҳсули сифатида ҳамон бизни ҳайратга солиб келаётган шаҳарлар, бетакрор гўшалар сув остида қолиши ёки вайронага айланишини тасаввур қилгинг келмайди. Афсуски, энди дунёмиз аввалги эмас.
Глобал ҳарорат траекторияси ўзгаришига асосланган даҳшатли башоратга кўра, Лондон, Нью-Йорк, Бангкок ва бошқа йирик шаҳарлар 2100 йилга келиб сув тубига ғарқ бўлади. Сайёрамиз ҳарорати 3°C га қизиб кетиши мумкин. Бир қарашда бу рақам арзимаган кўринади, лекин унинг глобал миқёсдаги таъсири дунё бўйлаб миллионлаб одамлар турмушида, улкан фожеада акс этиши мумкин.
Экспертлар таъкидлашича, иссиқ тўлқин узоқ давом этади, тез-тез кўтарилиб, қурғоқчиликка, глобал озиқ-овқат танқислигига олиб келади. Миграция кучаяди, касаллик тарқалиши тезлашади. Ҳаво исиса, қутб музи эриши жадаллашади, денгиз сатҳи кўтарилади. Алал-оқибат инсоният долзарб иқлим муаммоси билан шуғулланмас экан, ҳалокатнинг олдини олиш борган сари мушкуллашаверади.
2100 йилга келиб Жануби-шарқий Осиёда Бангкокдан ташқари Вьетнамнинг жанубий қисми ҳам жиддий хавф остида қолади. Франция шимоли, Бельгия, Германия, кейин Нидерландиянинг, тахминан, ярми сувга ғарқ бўлади. Амстердам ва Гаага оролга айланиши мумкин. Англиянинг аксарият қисми сувга чўкади. Лондон сув тошқинининг Ғарб дунёсидаги энг йирик нишонига айланиши башорат қилинмоқда. Нью-Йорк ҳам хавфли ҳудудда жойлашган. Хусусан, Манхеттеннинг пастки қисмини сув босади. Сан-Франциско, Лос-Анжелес ва Американинг яна бир қатор шаҳарларида ҳам ўзгариш содир бўлади.
Иқлим исиши миллион йиллар давомида сайёрамиз об-ҳавосини барқарорлаштириб турган музликка таъсир этмасдан қолмайди, албатта. Олимлар фикрича, агар иқлим 1.8 даража ёки кўпроқ илиса, музлик эриши 30 марта тезлашар экан.
Халқаро иқлимшунослар гуруҳи Гренландия ва Ғарбий Антарктида муз массалари эриши иқлим 1.8 даража ёки кўпроқ исиши натижасида юз беришини қайд этишади. Натижада муз эриши ва глобал тарзда денгиз сатҳи кўтарилиш кескин тезлашади.
— Инсоният ҳозирданоқ иложини топмаса, яқин 130 йил ичида денгиз сатҳи камида бир метр кўтарилади, — дейди германиялик физик-иқлимшунос ва океанограф Аксель Тиммерманн. — Унинг таъкидлашича, агар инсоният глобал исишни целсий бўйича 1.8 даража атрофида ушлаб туролмаса, яқин ўн йилликларда денгиз сатҳи кескин кўтарилиши аниқланган. Иқлимшунослар ушбу хулосага Гренландия ва Ғарбий Антарктида муз қатлами ўзгаришини компьютер орқали моделлаштиргандан кейин келишган. Тадқиқотчилар музлик эришига ушбу модель тузилишидаги турли ўзгаришлар, жумладан, ёриқ, бўлиниш, айсберг пайдо бўлиши, муз юзасида эриган сув тўпланиши ва муз эришини тезлаштирадиган бошқа жараён қандай таъсир қилишини ҳисобга олган. Муз бўлагиининг денгизга қараб ҳаракатланиши массанинг ҳажмини камайтиради. Ҳисоб-китоб шуни кўрсатмоқдаки, иқлимнинг целсий бўйича 1.8 даража исиши ўзига хос занжирли реакцияни бошлаб беради ва кейинги бир ярим асрда музлик эриши жараёни сезиларли жадаллашади. Бунинг сабаби шундаки, ҳарорат кўтарилиши билан Гренландия ва Ғарбий Антарктида музликлари беқарорлашади ва бўлина бошлайди. Натижада эриш жараёни, тахминан, 30 баравар тезлашади.
Денгиз суви сатҳи кўтарилишига иссиқхона гази ҳам таъсир кўрсатмоқда.
БМТ экспертлари фикрича, агар иссиқхона гази чиқиндиси тарқалиши ҳозирги суръатда ўсишда давом этса, аср охирига келиб, денгиз сатҳи 30-50 см кўтарилар экан.
Осиёнинг йирик шаҳарлари сув остида қолиши мумкин(ми?)!
Иқлим ўзгариши ва табиий океан тебраниши таъсирини ўрганувчи янги тадқиқот хулосасига кўра, 2100 йилга келиб нафақат Европа ёки Америка, балки Осиёнинг ҳам баъзи йирик шаҳарларини аянчли қисмат кутмоқда. Океан ҳарорати кўтарилиши ва иқлим ўзгариши, музликлар мисли кўрилмаган даражада эриши денгиз ва океан сатҳини кескин кўтариб юборади.
Яқинда “Nature Climate Change” журналида чоп этилган ҳисобот миллионлаб одамлар учун табиий оқибат қанчалик фожеали кечиши мумкинлигидан огоҳ этади. Гарчи, сариқ қитъанинг кўпгина қирғоқ бўйи метрополиялари аллақачон сув тошқини хавфи остида турган бўлса-да, тадқиқот шуни кўрсатмоқдики, аввалги таҳлиллар табиий океан тебраниши оқибатида денгиз сатҳи кўтарилиши ва сув тошқини хавфини етарли даражада баҳолаган. Масалан, Филиппин пойтахти Манилада кейинги аср фақат иқлим ўзгариши туфайли қирғоқ бўйлаб сув тошқини содир бўлиши аввалгидан 18 карра тезлашиши тахмин қилинмоқда.
Франциянинг Миллий илмий-тадқиқот маркази (CNRS) ва Ла-Рошель университети, АҚШнинг Атмосфера тадқиқотлари миллий маркази (NCAR) олимлари томонидан олиб борилган тадқиқот шуни кўрсатадики, Таиланд пойтахти Бангкок, Вьетнамнинг Хошимин шаҳри, Мьянмада Янгон, Ҳиндистондаги Ченнай ва Калькутта, шунингдек баъзи ғарбий тропик Тинч океани ороллари ва ғарбий Ҳинд океани ороллари кучли хавф остида. Тадқиқот муаллифлари АҚШ ва Австралиянинг ғарбий қирғоғида ҳам денгиз сатҳи кўтарилишини таъкидлаган. Фақат Осиё метрополияларида сув тошқини ва денгиз сатҳи меъёридан юқори кўтарилиши 50 миллиондан ортиқ одам ҳаётига таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳиндистоннинг ўзида 30 миллионга яқин аҳоли ҳодиса қурбонига айланиши мумкин. Бангкокда 11 миллион, Хошиминда 9 миллиондан зиёд, Янгонда 5.6 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилиши ҳисобга олинса, бунинг устига иссиқхона гази эмиссияси даражаси ошиши қўшилса, фожеа ва таҳдид кўлами тасаввурга сиғмайдиган даражада улкан эканига гувоҳ бўламиз.
Тадқиқот натижаси Ғарбий Тинч океани, Австралия ва Осиёни одатдагидан иситиб юборадиган табиий ҳодисалар денгиз сатҳи кўтарилишини 20-30 фоиз кучайтириши мумкинлигидан дарак бермоқда. Бу ҳам экстремал сув тошқини хавфини оширади.
Сув тошқинлари, жумладан, Марказий Осиё учун ҳам бегона ҳодиса эмас. Минтақамизда юз берадиган сув тошқинларига кучли ёғингарчилик ёки ҳарорат тўсатдан кескин исиб кетиши оқибатида тоғларда қор эриши тезлашиши сабаб бўлади. Айни экин-тикин бошланган пайт тошқин юз бериши мамлакат иқтисодиётига жиддий зиён келтиради. Умуман, бу алоҳида мавзу.
Хулоса қиладиган бўлсак, инсоният илм-фанда қанчалик юксак чўққиларни забт этган бўлмасин, сув балосига ва бошқа табиий офатлар хуружига бас кела олмаяпти.
Нега? Иқлим ўзгариши глобал тус олдими? Ис газининг атмосферага тарқалиш мъёри издан чиқдиими? Табиий захиралар, қазилма бойликлар инсон томонидан шафқатсизларча тасарруф этиляптими?
Хуллас, сайёрамиз аҳли табиат билан муросага кела олмаяпти, мувозанатни сақлай билмаяпти. Заминга қилинаётган зуғум ҳаддан ошмоқда. Натижада турли кўринишдаги табиий офатлар кўпаймоқда. Сув тошқинлари бу жараённинг бир кўриниши, холос.
Саидмурод РАҲИМОВ,
ЎзА шарҳловчиси