Табиатга етказилган зарар жавобсиз қолмайди
2020 йилнинг 9 ой давомида Давлат экология қўмитаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси томонидан 37 минг 543 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган.
Президентимизнинг 2018 йил 3 октябрдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Давлат экология қўмитасининг туман ва шаҳарларда инспекциялари ташкил этилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида экологик назоратни амалга оширишнинг янги тизими йўлга қўйилган эди.
2020 йилнинг 9 ой давомида Давлат экология қўмитаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси томонидан 37 минг 543 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган.
Давлат экология қўмитаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, ҳуқуқбузарларга нисбатан белгиланган жарима 16 800 миллион, табиатга етказилган зарар эса 15 133 миллионни ташкил қилган.
Аниқланган ҳуқуқбузарликлардан 1 минг 457 та ҳолат бўйича 11 788 миллион жарима ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга киритилди. 60 мингдан ортиқ корхона ва фуқаро билан соҳага оид профилактика тадбирлари ўтказилди.
Шунингдек, 22 та ҳолат бўйича 8 810 миллион сўмлик даъво ишлар юзасидан қонунбузарлик содир этган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши бўйича иш қўзғатилган.
Ҳуқуқбузарлардан 337 дона ҳайвон ва парранда, 1380,4 килограмм балиқ, 49 тонна доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар, 884,7 м³ ўтин, 91 та ов қуроли, 95 та аслаҳа, 1 минг 290 та тўр, 46 та электр қармоқ, 141 та электр арра, болта ва бошқа инвентарлар олиб қўйилган. Шундан 70 та ов қуроли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган, 34 та ов қуроли ва аслаҳа, 23 та инвентар мусодара қилинган, 17 та ов қуроли эса қайтариб берилган.