Кўчат экиб, боғ яратиш ўзбек халқига хос фазилат. Қолаверса, дарахтлар нафақат табиатга кўрк бағишлайди, балки инсон саломатлигига ҳам хизмат қилади. Шу мақсадда пойтахтимизда жойлашган Янги Ўзбекистон боғида “Яшил шаҳар” экологик акцияси ўтказилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, шунингдек, спортчилар, саънаткорлар, журналист-блогерлар, давлат мукофоти совриндорлари ва волонтёр ёшлар иштирокида 300 туп чинор экилди.
Дарахтлар ичида узоқ муддат яшаши ва экологик офатларга чидамлилиги билан ажралиб турувчи чинорларнинг ҳар бири 20 килограмгача карбонат ангидрид ютиб, табиат учун фильтр вазифасини бажаради.
Шунингдек, акция доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Табиат учун ғамхўрмиз” шиори остида расмлар танлови ҳам ташкил этилди. Унда ёш рассомлар барчанинг кўз ўнгида табиатни асраш борасидаги тасаввурларини мўйқалам ёрдамида тасвирлади.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Элбек боғида “Яшил шаҳар” акцияси доирасида “Urikguli” тахаллуси билан ижод қилувчи эко-блогер Мўтабар Хушвақтова билан ҳамкорликда “Хазон – чиқинди эмас, ўғит” шиори остида дарахтлар тагида чуқур қазилиб, хазонлар кўмилди.
Хазонлар ёқиб юборилса, ҳаво заҳарланади. Бу инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Уни ерга кўмиш эса дарахтларни табиий ўғит билан таъминлашга хизмат қилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ер табиий ўғит билан яхши озиқланганда дарахтлар узоқ яшайди. Бу эса бизни тоза ҳаво билан таъминлайди.
Тадбирдан кўзланган мақсад шаҳар аҳолиси, айниқса, ёшларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, она-табиатга меҳр-муҳаббат, жамоат жойларида чиқиндиларни белгиланган махсус қутиларга ташлаш каби кўникмаларни шакллантиришдан иборат. Табиатга бўлган муносабат ҳар қандай фуқаронинг саломатлиги учун қай даражада аҳамиятли эканлиги тарғиботлар давомида тушунтирилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА