Ўтган йилги Самарқандга амалга оширилган медиа-тур сира ёдимдан чиқмайди. Шаҳар таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган.

“Боқий шаҳар” мажмуаси бу азим кентнинг чин маънода умри боқийлигидан сўзлайди. Янги-янги муҳташам бинолар, турар жойлар шиддат билан бўй чўзмоқда. Лекин шундай бўлса-да, ундаги қадимий обида ва ёдгорликлар ҳар қандай замонавий ечимдаги муҳташам мажмуадан кўра бетакрор ва гўзалроқ эди. 

Салкам уч минг йиллик Самарқанддаги Регистон мажмуаси барчанинг ҳайрати ва ҳавасини келтиради. Унинг атрофида юзлаб чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар, нуфузли меҳмонлар, оила қуриш арафасидаги келин-куёвлар, “қадим шаҳарни бир кўрдим, энди армоним йўқ”, деб дуога қўл очаётган нуронийлар билан лиммо-лим тўла эди.  

Баъзан тарихнинг оғир синовлари, мураккаб даврларини бошидан кечирган, не-не воқеликларга гувоҳ бўлган бу шаҳарнинг бошига тушган қора кунларни ўйлаб изтиробга тушсак, унинг кейинги йилларда мутлақо таниб бўлмас даражада чирой очганидан, хушҳаво иқлими, дўстона, самимий, одамгарчиликка йўғрилган ажиб муҳитидан шунча энтикамиз. Дунёда минглаб бетакрор шаҳарлар борлигини билсак-да, Самарқанд ўзининг файзу таровати билан яккаю ягона эканига яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз.  

Бу таърифга ожиз шаҳарнинг ҳар бир гўшасида тарих сўзлайди, ҳар қадамда қўҳна обида, қадимий меъморий ёдгорликка дуч келиш ҳеч гап эмас. Унинг ҳавоси, иқлими, хушмуомала, сертавозеъ, меҳмоннавоз одамлари ўзгача. Бу шаҳарда жажжи болакайдан то ёши улуғ отахонларгача, ҳатто бозорлардаги сотувчиларигача инглиз тилида бемалол сўзлашадилар. Имкон қадар меҳмонларнинг кўнглини олишга ҳаракат қиладилар.    

Бу азиз ва азим шаҳарда қанча меъморий обида ва зиёратгоҳлар бор? Аниқ рақам ва статистикани айтсак, эҳтимол янглишиш мумкиндир. Лекин уларнинг аксарияти жаҳон сайёҳларининг эътибори ва эътирофига сазовор бўлгани аниқ. 

Саёҳат давомида кўплаб мўътабар масканлар каби “Шоҳи Зинда” мажмуасини ҳам зиёрат қилдик. У ерда одам жуда кўп эди, деб таърифлашнинг ўзи камлик қилади. Табаррук мажмуага сайёҳ ёғилган эди. Кимдир гиднинг суҳбатини диққат ва ҳайрат билан тинглайди. Биров мажмуанинг муборак зиналари саноғини олмоқчи бўлади. Кимдир неча асрлар одамларни ҳикматга чорлаётган қадимий битикларнинг маъно-мазмунини шу ерлик одамлардан сўраб олишга ошиқади.  

Бир пайт сал нарироқда қайсидир қабр устида ястанганича суратга тушаётган чет эллик меҳмонга кўзимиз тушди. Уни бу номақбул хатти-ҳаракатидан қайтарадиган инсоннинг ўзи топилмасди. Бориб чет элликка бу иши ахлоққа ҳам, динимизга ҳам, замонавий сайёҳлик талабларига ҳам зид эканини тушунтирайлик, десак гуруҳда биронтамиз чет тилини билмаймиз...  

Гид йигитдан ажнабий сайёҳни бундай ғайри ахлоқий хатти-ҳаракатидан қайтаришни сўрадик. Гид сайёҳга қўҳна обидаларни зиёрат қилишнинг ўз одоби ва йўл-йўриғи бор эканини тушунтириб, қабрлар устига чиқиш ҳеч қайси динга, ҳеч қайси нормаларга ва энг асосийси, инсонийлик меъёрларига мутлақо тўғри келмаслигини тушунтирди.  

Хорижлик гўё осмондан тушгандек ажабланиб, гид йигитнинг гапларини тинглади. Қабрларга, зиёратгоҳларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш миллати, диний эътиқодидан қатъи назар, барчанинг инсоний бурчи экани бир амаллаб замонавий чет элликка тушунтирилган бўлди. Ажнабий сайёҳ ўз хатти-ҳаракатидан пушаймон эканини билдириб, зиёратгоҳдан узоқлашди. 

Сайёҳлик ривожланса, юрт янада фаровон бўлишини теран англаймиз. Лекин, бу  сайёҳларнинг бизнинг муқаддас тупроғимиз, аждодларимиз сўнгги макон топган масканларга ўта беҳурмат муносабатда бўлишига имкон ҳам, ҳуқуқ ҳам бермаслиги керак.  

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табаррук масканларга барча ҳурмат билан муносабатда бўлиши шарт