Таҳлил ва танқид руҳида
Фарғона вилоятида жорий йилнинг 9 ойида ҳудудий корхоналар томонидан 182 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулот экспорт қилинди.
Фарғона вилоятида жорий йилнинг 9 ойида ҳудудий корхоналар томонидан 182 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулот экспорт қилинди.2015 йилнинг 9 ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва энг муҳим устувор вазифалар ижросини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган йиғилишда бу алоҳида таъкидланди.
Вилоят ҳокими Ш.Ғаниев бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилди. Унда асосий эътибор Президентимизнинг 2015 йил 16 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг жорий йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишлари вазифалари ижросини таъминлашга қаратилди.
Ҳисобот даврида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 6,6 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 11,4, чакана товар айланмаси 14,6, қурилиш-пудрат ишлари 11,6, хизмат кўрсатиш 17,4, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 6,8 фоиз ўсди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида берилаётган имтиёз ва преференциялар самарасида соҳа жадал ривожланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 1 минг 767 кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Мазкур соҳа субъектларига тижорат банклари томонидан 670 миллиард сўмдан ортиқ кредит ажратилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнеснинг улуши 63,8 фоизга етди.
Саноат соҳасини ривожлантириш, корхоналарда ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш бўйича ҳисобот даврида умумий қиймати 150,7 миллиард сўмлик 541 лойиҳа амалга оширилди. Бандлик дастури доирасида 73 минг 682 янги иш ўрни яратилди. Ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари турини кенгайтириш, рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш дастури муҳим ўрин тутмоқда. Ҳисобот даврида маҳаллийлаштириш дастури доирасида вилоятдаги 21 саноат корхонасида 29 лойиҳа амалга оширилди. Улар томонидан 36,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 208 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Тўртта йирик корхонада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми камайгани, Марғилон, Фарғона шаҳарлари, Қўштепа, Ёзёвон туманларида экспорт кўрсаткичлари бажарилмагани ҳамда маҳаллийлаштириш дастури ижросини таъминлашда айрим туманларда лойиҳалар ишлаб чиқилмагани танқид қилинди.
Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини ғамлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам кенг муҳокама этилиб, ушбу йўналишдаги вазифаларни қисқа фурсатларда бажариш зарурлиги таъкидланди.
Фарғона вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.