“Тўрт минг долларга ўқишга киритиб қўяман...”
Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари арафасида абитуриентларга “ўқишга киритиб қўяман”, дейдиган “ҳожатбарор”лар кўпайиши сир эмас.
Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари арафасида абитуриентларга “ўқишга киритиб қўяман”, дейдиган “ҳожатбарор”лар кўпайиши сир эмас.
Андижон давлат университети ўқитувчиси А.Х. олий таълим муассасаларига қабул жараёнда фирибгарлик йўли билан даромад орттириб қолишни режа қилган. Шу мақсадида фуқаро О.А.нинг ишончига кириб, уни ушбу университетга юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади.
У бунинг учун 4 минг АҚШ доллари олган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фош ашёвий далил билан ушланган.
Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Ш.К. фирибгарлик йўли билан даромад орттириш мақсадида фуқаролар Д.С. ва З.А.ларнинг ишончига кириб, уларни Урганч давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига мазкур университетнинг 3-босқич талабаси М.А. орқали 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.