Тўнни ким тескари кияди?
Тилимизда шундай иборалар борки, уларнинг асл келиб чиқиши маълум эмас, мазмун бошқа, сўзлар бошқа.
Она тилим - олтин сандиғим
Тилимизда шундай иборалар борки, уларнинг асл келиб чиқиши маълум эмас, мазмун бошқа, сўзлар бошқа. Ишинг ошиб-тошиб ётганда эрмакка бало борми, дейилади. Ёки биров хато иш қилса, қовун туширди, дейдилар. Бу жумлаларда бало ҳам, қовун ҳам гап маъносига алоқасиз. Оғайни чалиш деймиз. Оғайни маълум, лекин чалиш нима? Оғайнилар бир-бирини оёғидан чалгани учунми? Ёки бир-бирининг айбини ноғора қилиб чалгани учунми? Тан берди, ё тан олди, деган ибораларимиз бор. Бири қойил қолиш, иккинчиси иқрор бўлишни билдиради. Бу маъноларга тан сўзининг нима алоқаси бор? Дабдала сўзининг далага, дабдурустдан сўзининг дурустга боғлиқ жойи борми? Шундай сўз бирикмаларини тилшунос олимларимиз мажҳул ибора дейдилар. Жаҳли чиққан одамга нисбатан, тўнини тескари кийди, дейиш ҳам мажҳул саналади. Дарҳақиқат, жаҳлнинг тўнга нима алоқаси бор?
Лекин шу нарса аёнки, ҳеч бир сўз, ҳеч бир ибора бекор айтилмайди. Оғиздан оғизга ўтиб сўзлар алмашади, тушиб қолади, ҳарфлар ўзгаради ва таниб бўлмас ҳолга келади. Агар биз кўпроқ изласак, тарихни ўргансак, Сўзнинг сўзига қалб қулоғимизни тутсак, тилимизда мажҳул ибора қолмас. Оғайни чалиш ҳам бесабаб айтилмаган. Мақол аслида: оға-ини ― бир жуфт калиш бўлиши керак. Бамисоли эру хотин - қўш ҳукиз дегандек. Калишнинг икки пойи бир-бирисиз бутун эмас. Оға-ини ҳам шундоқ. Халқимиз шоиртабиат, қофияпарвар эмасми, мақол чиройли бўлсин учун бир оҳангдош сўз қўшиб, оға-ини чалиш ― бир жуфт калиш, дейдиган бўлди. Чалиш шунчаки қофия учун. Тақ-туқ, тасаддуқ деган каби.
Оға-ини аслида иккита сўз. Ака-ука дегани. Бора-бора бу икки сўз қисқариб бир сўзга айланди. Ўртоқ, ошно маъносини билдирувчи оғайни ҳолига келди. Оғайни бир кишини билдиргач, жуфт сўзига ҳожат қолмади. Энди оғайни чалиш ― бир пой калиш дейиладиган бўлди. Ҳозирда бир пой калиш ҳам истеъмолдан чиқди ҳисоб. Оғайни чалишнинг ўзи қолди ва мажҳул иборага айланди.
Бу ўйларни қоғозга тушираркан, ўзимга савол бераман: Нега энди бу гапларни тилшунос олимлар эмас, мен айтишим керак? Эрта бир кун уларга кулги бўлмайманми? Одамлар: "Шеърингни ёзсанг бўлмайдими, нима қиласан бировнинг ишига аралашиб", - демайдими? Яна ўзим жавоб бераман: мен айтган фаразни олим айтиши мумкин эмас. Илмда тахминий гап кетмайди. Аниқ манба, асосли исбот керак. Фақат шоирларгина хаёлга эрк беришлари, кўнгилга қулоқ солишлари мумкин. Шунинг учун ёзган сўзларимга илм аҳли бирор муносабат билдирмасалар ҳафа бўлмаслигим керак. Бу гаплар ҳеч бир мўътабар манбада йўқ, ҳеч ким тадқиқ қилмаган, суянадиган ҳеч нарса йўқ. Олим ишончли таянч бўлмаса жойидан қўзғолмайди. Биз доктор ҳам, профессор ҳам эмасмиз. Хато қилсак айб эмас. Мана, узр ҳам топилди. Энди гапни бемалол давом эттиришимиз мумкин.
Тўнини тескари кийди ибораси ҳам маъносиз эмас. Тўнни ким тескари кияди? Бу саволга бошқа бир мақол жавоб беради. Камбағални урма, сўкма, тўнини йирт. Ҳозирги ёшлар бу мақолни англамаслар. Ўн тўққизинчи асрда туғилган шоир Ҳабибийни кўриш, ҳамсуҳбат бўлиш менга насиб қилган. Шоир ёшлигини эслаб, бўздан тикилган иштон тиззадан йиртилиши, тўзиган жойга солинган ямоқ ҳам тўзиб, ямоққа ямоқ солинганини айтиб ўтирарди.
Тўнни ким тескари кийган? Ғазаб отига миниб, муштлашаман деган камбағал тескари кийган. Қон тегса, лой тегса астарга тегсин, йиртилса астар йиртилсин, ямоқ тушса астарга тушсин деб тўнни тескари кийган. Камбағалнинг тўни икки бўлмаган. Йиртилса бошқасини киёлмаган.
Эндиликда тўн кийиш урфдан қолди. Кийган елим камзулимиз юз йилда ҳам йиртилмайди. Муштлашиш ҳам удум эмас. Қасд олиш учун муштнинг кераги бўлмай қолди. Оёқдан чалишнинг минг бир хил усули топилган. Тўнни тескари кийишга ҳеч бир зарурат йўқ. Лекин қанотли ибора унут бўлмаган. Бу ҳам Сўзнинг сеҳри. Сўз замирида тарих яшириниб ётганига тимсол.
Бир мақолнинг қулфини очишга бошқа мақол калит бўлди. Ким билсин, балки қовун туширди иборасига ҳам бошқа ибора, тарвузи қўлтиғидан тушди, деган мажоз очқич бўлар. Буни аниқлаш энди сизлар ― Сўз уммонининг ғаввосларига ҳавола. Изланг, баҳс қилинг, талашиб тортишинг. Лекин зинҳор тўнни тескари кийманг!
Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон халқ шоири.
"Сўз латофати" китобидан.