Свердловскда кучли тошқин: юзлаб уйни сув босди
Россиянинг Свердловск вилоятида кучли ёғингарчилик боис юзага келган тошқин туфайли вазият оғирлашмоқда.
РФ Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, бир куннинг ўзида яна 130 турар-жой биноси, 185 томорқани сув босган. Айни пайт минтақа бўйлаб жами 443 хонадон, 1792 боғ майдони табиий офатдан зарар кўрган. Ҳудудлар кесимида эса сув остида қолган уйларнинг энг кўпи Ирбит шаҳрига тўғри келади: 124 бино жабрланган.
Томорқалар бўйича энг мураккаб аҳвол Невьянск шаҳрида кузатилиб, 84 ҳовли сув остида қолди. Тошқин хавфи туфайли ўтган бир сутка давомида маҳаллий муниципал тумандан 200 нафарга яқин бола, ўнлаб ёши улуғ фуқаро хавфсиз ҳудудга кўчирилди.
Вазият бу даражада кескинлашишига Ирбитдан оқиб ўтувчи Ница дарёсида сув сатҳи кескин кўтарилиб, 805 сантиметрга етгани сабаб бўлди. Мазкур кўрсаткич шаҳар тарихидаги барча аввалги тошқинлар рекордини янгилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА