
Пойтахтимизда сузиш бўйича I Марказий Осиё очиқ чемпионати ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон терма жамоалари 158 та медаль жамланмаси учун баҳслашмоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли “Сув спорти саройи”да мамлакатимизда илк маротаба ўтаётган ушбу нуфузли мусобақанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Байрамона безатилган мазкур мажмуага чорлов садолари остида майдонга мусобақа иштирокчилари кириб келди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва Сув спорт турлари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Мавлудахон Хўжаева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, “Нуроний” жамғармаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда илк бора ўтказилаётган ушбу йирик чемпионат давлатимиз раҳбарининг юртимизда жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан, сув спортини ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори натижаси эканини алоҳида эътироф этди.
[gallery-23473]
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон спортчиларининг халқаро тажрибаларини юксалтириш, хусусан, сув спорти соҳасида етакчи хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш, спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш, юқори малака ва тажрибага эга мураббийлар таркибини шакллантириш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Дарҳақиқат, сув спорт турлари бўйича спортчиларимиз нуфузли мусобақаларда улкан ғалабаларга эришмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда сув спорт турлари бўйича йирик халқаро анжуманлар юқори савияда ташкил этилаётир.
Бунга мисол қилиб, ўтган ҳафта давомида синхрон сузиш бўйича ўтказилган “Сув париси” халқаро турнири ва I Марказий Осиё очиқ чемпионатини мисол қилиш мумкин.
Мусобақада синхрон сузувчилар U12, U15 ва катталар ёш тоифаларида Ўзбекистон, Россия, Болгария, Бирлашган Араб Амирликлари, Беларусь Республикаси ва Қозоғистон каби давлатлардан 200 нафарга яқин спортчи ўз чиқишларини намойиш этди. Мазкур нуфузли мусобақа якунига кўра, синхрон сузувчиларимиз жами 10 та олтин, 102 та кумуш ва 128 та бронза медалини қўлга киритди.
Сув спорти турлари орасида сузиш Олимпия ва Осиё ўйинлари каби нуфузли тадбирларда энг кўп медаллар ўйналадиган спорт тури экани барчага маълум. Шу боис ҳам айни кунларда Ўзбекистон сув спорти турлари федерациясининг моддий-техник базасини кучайтириш, сузувчиларга янада қулай имкониятлар яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 4 ноябрдаги “Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва Сув спорти турлари федерацияси томонидан сўнгги йилларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида сув спорти турларини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш, уларга кенг имкониятлар яратиш борасида амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, Наманган вилояти ва Тошкент шаҳрида жаҳон стандартларига мос келадиган 50х25 метр ўлчамдаги ҳавзалар фойдаланишга топширилди. Қашқадарёда эса навбатдаги замонавий сув спорт турлари саройи қад ростламоқда. Шунингдек, Тошкент вилоятида яна бир сузиш ҳавзаси бунёд этилиши режалаштирилган.
Албатта, олиб борилаётган мазкур тизимли ишлардан кўзланган мақсад “Лос-Анжелес – 2028” ёзги Олимпия ўйинларига сузиш, сув полоси, сувга сакраш ва синхрон сузиш дастурлари бўйича йўлланмаларни қўлга киритишдан иборат.
Мамлакатимизда ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақа ҳам спортчиларимизга катта тажриба майдони бўлиши шубҳасиз. Бу каби мусобақаларда тобланган сузувчиларимиз жаҳон спорти майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила олади.
Мусобақа давомида “А”, “В” ва “С” гуруҳларида 50, 100, 200 ва 400 метрга эркин усулда сузиш, 200 ва 400 метрга комплекс сузиш, 50, 100 ва 200 метрга чалқанча сузиш, 50, 100 ва 200 метрга баттерфляй усулида сузиш, 50, 100 ва 200 метрга брасс усулида сузиш, шунингдек, 4х100 метрга комбинацияланган микс эстафетаси, 4х100 метрга эркин усулдаги микс эстафетаси, 4х100 метрга эркин услубдаги эстафета, 4х100 метрга комбинацияланган эстафета каби йўналишларда беллашувлар ўказилади.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, Алимурод МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА