Суюлтирилган газ етказиш назоратга олинган
Жорий йилда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши туфайли Тошкент вилояти туман ва шаҳарларида ҳам аҳоли хонадонларида табиий газ босимининг меъёрдан пасайиши кузатилди. Табиийки, мазкур ҳолат кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқарди.
Мазкур вазиятни барқарорлаштириш учун “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали томонидан муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, жойларда аҳоли эҳтиёжига қараб суюлтирилган газ етказиб берилди. Таҳлилларга кўра, январь ойининг ўзида вилоятдаги истеъмолчиларга 623 тонна 700 килограмм суюлтирилган газ етказиб берилган. Айниқса, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлар Ангрен шаҳрига 81 тонна 420 килограмм, Бекобод шаҳарига 5 тонна 360 килограмм, Бўстонлиқ туманига 79 тонна 500 килограмм, Бўка туманига 137 тонна 460 килограмм ва Бекобод туманига 28 тонна 100 килограмм суюлтирилган газ тарқатилди. Бундан ташқари, шу масалада аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар тезкорлик билан ҳал этилмоқда.

Хусусан, маҳаллаларда аҳоли билан ташкил этилаётган учрашувларда мутахассислар томонидан суюлтирилган газ ва маиший газ баллонларни газ таъминоти ташкилоти ва истеъмолчи ўртасида шартнома тузмасдан етказиб бериш ва қабул қилиш тақиқлангани тушунтирилди. Белгиланган талабга кўра, фуқаролар билан шартнома тузилгандан сўнг маиший газ баллонлар етказиб берилади. Бунинг учун баллонларга суюлтирилган газ тўлдириш шохобчалари белгиланган тартибда ишламоқда.
А.Мусаев,
ЎзА.