
Президент ташаббуслари – амалдa
Ўн беш сотих ери, тўрт хонали яшаш жойи бор ҳовлини арзимаган пулга сотишибди. Маҳалланинг паст-баландидан бехабарлар бу нархдан ҳайрон. У жойлар ўн йиллардан буён ичимлик сувидан узилиб қолганини билганлар эса “яхши нарх” деб қўйишди.
Биз кўпинча текин деб ўйлайдиган обиҳаёт яшаш манзилимиз қиймати, турмуш тарзимизга қанчалар катта таъсир қилишига эътибор қилавермаймиз. Буни олислардан сув ташиб ичадиганлар яхши билади. Сув – тириклик. Унинг баҳосини ўлчаб бўлмайди.
Ер юзининг тахминан етмиш фоизи сув билан қоплангани, бироқ унинг бор-йўғи бир фоизигина ичиш учун яроқлилиги кўп таъкидланади. Бу фактнинг ўзиёқ дунёда тоза сув етиб бормаган, одамлар талпинмайдиган катта-катта ҳудудлар борлигини англатади. Масала – глобал.

Ўзбекистонда ҳам аҳоли ҳаёт сифатини оширишга қаратилган кўплаб ижтимоий, ҳудудий дастурлар изчил рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, кейинги олти-етти йилда ичимлик суви тармоғига давлат бюджетидан олдинги даврларга нисбатан олти баравар кўп маблағ йўналтирилмоқда.
Минглаб километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари ўтказилди. Кўплаб сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари бўлди. Бунинг натижасида чекка-чекка маҳаллалардаги миллионлаб аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор тоза сув кириб борди.

Бундан саккиз йил олдин мамлакатимизда марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 63,9 фоизни ташкил этар эди. Ўтган йил якуни бўйича бу кўрсаткич 80 фоизга етди. Ислоҳотлар давом этмоқда, шунга мос тарзда бу рақамда ҳам юқорилаш изчил.
Бу эса ўз-ўзидан бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сув таъминоти бўлмаган маҳаллалар хатловдан ўтказилиб, улар тоифаларга ажратилди. Бунда қайси маҳаллада қудуқ қазиш, қайси бирига марказлашган тармоқ тортиш ёки марказий ҳовуз барпо этиш лозим, деган саволларга аниқ жавоблар изланди. Бу ишларни амалга оширишда хусусий секторни жалб қилиш учун қатор енгилликлар берилди.

Кейинги етти йилда соҳага йигирма триллион сўм маблағ йўналтирилди. Хусусан, минглаб объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Қанчадан-қанча тармоқлар қурилди. Бу ишлар натижасида қарийб саккиз миллион нафар аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. Чекка-чекка ҳудудлардаги аҳоли яшаш манзилларига тоза оби-ҳаёт кириб борди.
– Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш, сув етиб бормаган ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида ўтган йили 1 триллион 812 миллиард сўм маблағ ажратилди, – дейди “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Комилбек Юсупов. – Хусусан, Зомин туманида йирик сув тозалаш иншооти қурилди. Бу объектдан Жиззах шаҳригача бўлган қатор ҳудудларга сув етказиб берилди. Бундан ташқари, мамлакатимиздаги кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, тўрт юздан ортиқ мактабларга сув борди. Жорий йилда ҳам бу каби ишлар давом эттирилади. Бунинг учун 1 триллион 150 миллиард сўм маблағ ажратилди. Яна 75 дан ортиқ сув ва оқова тозалаш иншоотлари қурилиши белгиланган. Бундан ташқари, бир минг саккиз юз километрдан ортиқ тармоқлар қурилиши режада бор. Тармоқларнинг лойиҳасида хонадонларгача кириб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Мавзуни қуйидан – олис ҳудудлар мисолида давом эттирамиз. Кейинги йилларда Хоразм вилоятида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 52,1 фоиз эди. Бу рақам ҳудуднинг тоза ичимлик сувига эҳтиёжи анча юқори бўлганини кўрсатади. Олиб борилган чора-тадбирлар, босқичма-босқич амалга оширилган лойиҳалар натижасида бу кўрсаткич 91 фоиздан ортди.
Биргина Янгиариқ туманида ўтган йили тегишли дастурлар ижроси учун 29 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Сув иншоотлари қурилди, таъмирланди. Янги тармоқлар тортилди. Натижада туман аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 86 фоиздан ошди.
Юртимиз Марказий Осиё минтақасида аҳолиси энг кўп, лекин сув ресурслари энг кам давлатлардан саналади. Ушбу жиҳат инобатга олинган ҳолда узоқ муддатли дастурлар асосида тегишли чоралар кўрилмоқда. Бу вазиятни барчамиз ҳис қилишимиз, ислоҳотларга камарбаста бўлишимиз лозим. Бунинг учун, аввало, сув исрофига бефарқ бўлмаслигимиз лозим.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири