Сувни асрамоқ келажакни асрамоқ демакдир
Фарғона вилоятида “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш” лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалигини интенсивлаштириш ва диверсификациялашни қўллаб-қувватлаш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш борасида қилинаётган ишларни жамоатчиликка яқиндан таништириш мақсадида медиа-тур ташкил этилди.
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган мазкур лойиҳа асосида Фарғона вилоятида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси мутахассисларининг билим, малакасини ошириш, шу билан бирга қатор хўжаликларда сув ресурсларини бошқариш, суғоришга тежамкор, илғор технологияларни жорий этиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Медиа-тур иштирокчилари Қувасой шаҳар “Суфон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Кўпайсинобод” боғдорчилик фермер хўжалигида бўлдилар. Улар беш гектар олмазорда ўрнатилган сув тежовчи технологиянинг ишлаши ва афзаллиги билан танишдилар.
[gallery-14798]
– 14 гектар боғимиз бор, - дейди “Кўпайсинобод” фермер хўжалиги раҳбари Шокиржон Қораев. – 5 гектар ердаги олмазоримизда томчилатиб суғориш йўлга қўйилган. Бундай суғориш бизга жуда катта наф бераётганини билсангиз эди... Илгари кетмон кўтариб, ариқ ёқалаб кунимиз ўтарди. Йўлда сувимизни тўсиб олувчилар билан жанжаллашиб сув тутадиган даврлар ўтди. Боғимизда томорқа эгалари, қишлоқ ва сув хўжалиги мутахассислари иштирокида жуда кўп семинар-тренинглар, ўқув машғулотлар ўтказиб келинади. Бугунги тадбир ҳам ютуқ ва тажрибаларимиз билан ўртоқлашиш имконини берди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА