Сувларга оҳ айтган шоир
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида Бобораҳим Машраб ижодига бағишланган "Оҳимни сувларга айтдим" номли адабий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўзбек ва бошқа туркийзабон халқлар адабиётида ўзининг оташнафас, халқчил шеърлари билан кенг шуҳрат топган мумтоз ўзбек адабиётининг улуғ намояндаларидан бири Бобораҳим Мулла Вали ўғли Машрабдир.
Манбаларга кўра, бўлажак мутафаккир ва шоир Машраб бўз тўқиб, шу орқали тирикчилик қилувчи Мулла Вали ва Биби Салималар оиласида 1640 йилда Наманган шаҳрида таваллуд топган.
Машраб тахаллуси билан ёзилган содда ва равон тилдаги, ҳам исёнкор руҳдаги асарларни ўқиган ё эшитган шеърият шайдоси унинг мисраларини дарҳол ёдда сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Шоирнинг жозибадор шеърлари билан айтиладиган қўшиқлари тингловчининг кўнгил мулкидан мустаҳкам ўрин олган.
Тадбирда машрабшунос олимлар, шоир-ёзувчилар, театр актёрлари ҳамда “Мақом” ансамбли хонандалари Машраб ижоди, унинг аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритди.
Анжуманда таъкидланганидек, Машрабнинг саргузаштларга бой ҳаёт йўли, маълум даражада зиддиятлардан холи бўлмаган ижодий фаолияти у ҳаётлик давридаёқ турли тарих ва тазкиралардан ўрин олиб, китобхон ва тадқиқотчилар эътиборида бўлиб келмоқда. Машрабнинг моҳиятан инсон қадри шарафи ва маънавий камолотини улуғлашга, эзгулик ва гўзалликни мадҳ этишга бағишланган шеърий меросида ғазал, мустазод, мурабба, мухаммас, мусаддас, мусабба, маснавий, рубоий, таърих каби жанр турларида битилган етук намуналарни учратиш мумкин.
Машраб аввало моҳир ғазалнавис ҳамда кўплаб шўх ва жарангдор мустазодлар, ўйноқи ва жозибадор мурабба ҳамда халқ ғаму ҳасратига ҳамдардлик ҳисси билан йўғрилган мухаммаслар ижодкори сифатида кенг довруғ чиқарган. Машрабнинг жуда кўп ғазаллари халқ қўшиқларидек содда ва жарангдор, жўшқин ва таъсирчандир. Машраб ўзбек адабиёти тарихида энг кўп мустазод ёзган ижодкорлардан бири. Шоир мустазодлари ҳам ғазаллари каби шўх ва жарангдор, нафис ва завқбахшдир.
Машраб қолдирган ижодий меросда диний ва тасаввуфий ғоялар ҳам, ўша замонда кенг тарқалган қаландарлик тариқатининг айрим оҳанглари ҳам сезиларли ўрин эгаллайди. Шоир шеърларида Аллоҳнинг мавжудлиги, бору бирлиги, барча жонли ва жонсиз мавжудотни яратганлиги узил-кесил ва қатъий тан олинади, Яратганнинг куч-қудрати, тақдирнинг ўзгармаслиги ва Маҳшар куни ҳақидаги таълимот тўла-тўкис қабул қилинади.
Машраб форс тилида ҳам бир неча шеърий турларда етук намуналарни яратган. Машраб ижоди кейинги асрлар адабиётига сезиларли таъсир кўрсатган. Нодира, Ҳувайдо, Фурқат, Ҳамза каби шоирлар унинг ғазалларига тахмис ва назиралар боғлаган. Машраб қолдирган адабий мероси хусусида ҳам аниқ маълумот берувчи манба йўқ. Унинг ўз асарларини тўплаб, девон ёки бирор мажмуа тузганлиги маълум эмас.
Фақат «Девони Машраб», «Девонаи Машраб», «Эшони Машраб», «Ҳазрати шоҳ Машраб» номлари остида халқ орасида қўлёзма ва тошбосма шаклида тарқалган қиссалардагина (уларнинг ким томонидан ва қачон тузилганлиги номаълум) шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти маълум тартиб ва изчилликда баён этилади. Шу жараёнда асарларидан намуналар ҳам келтирилади.
Машраб қолдирган адабий мерос тўла аниқланиб, ўрганилган эмас. Баъзи тадқиқотчилар жуда кўп шеърий ҳикоят ва ғазалларни ўзида жамловчи "Мабдаи нур" номли йирик асарни шоирга нисбат берадилар.
Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида бир неча бадиий асарлар (роман, қисса, достонлар ва саҳна асарлари) яратилган, шоирнинг асарларидан намуналар қатор хорижий тилларга таржима қилинган.
Олимларнинг фикрича, Машраб асарларининг аксарияти чуқур ижтимоий йўналишга эга бўлиб, ўша давр ҳаёти, жамиятдаги воқеа-ҳодисалар билан чамбарчас боғлиқ.
Машраб қолдирган бадиий мерос ҳажм ва жанрлар жиҳатидан ҳанузгача аниқланган эмас. Аммо бизга ҳозиргача маълум асарларининг ўзи ҳам Машрабнинг фавқулодда ноёб истеъдод эгаси эканидан далолат беради.
Тадбирда Бобораҳим Машраб ижодидан намуналар ўқилди. Бадиий-мусиқий дастур намойиш этилди.
[gallery-343]