Сувдан оқилона фойдаланиш ва тўлов интизомини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
“Сирдарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти биносида Сирдарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан сув таъминоти соҳасида дебитор қарздорликни камайтириш, аҳоли ўртасида тўлов интизомини яхшилаш, сувдан оқилона фойдаланиш ҳамда истеъмол маданиятини шакллантириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Анжуманда мутасаддилар томонидан ҳудудда сув таъминоти хизматлари учун тўловлар ҳолати, қарздорликни камайтириш тенденциялари ва соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Таъкидланишича, ҳар бир истеъмолчининг ҳисоб-китобни ўз вақтида амалга ошириши тизимнинг барқарор ишлаши ҳамда хизмат сифати ошишида муҳим аҳамият касб этади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси фаолияти ва олиб борилаётган ишлар юзасидан назорат жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича инспекция раҳбарининг ўринбосари Шокиржон Абдурасулов қуйидагиларни таъкидлади:

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 сентябрдаги қарори билан “Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи низом” тасдиқланди. Унга мувофиқ, инспекция таркибида янги йўналишлар шакллантирилиб, кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш, шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари устидан давлат назоратини амалга ошириш белгиланган. Низом талабларига кўра, сув таъминоти тизимида техник назоратни кучайтириш, ер ости сув қудуқларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш ва оқова сувларни меъёрий даражада тозалаш устидан назоратни кучайтириш имкони яратилди.

Анжуманда иштирок этган инспекция бош мутахассиси Жавоҳир Рузибеков маълум қилишича, жорий йилда вилоят бўйлаб тегишли ташкилот ва корхоналар билан ҳамкорликда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасида 1390 та назорат тадбири ўтказилган. Натижада, ичимлик суви тармоқлари бўйича 228 та, оқова сув тармоқлари бўйича 2 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Шунингдек, 14 та ҳолат бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиб, умумий ҳисобда 1 миллиард 341 миллион сўмдан ортиқ жарималар қўлланилган. Тегишли ташкилотларга қонунчилик талабларига риоя этиш бўйича тақдимномалар киритилган.
Шунингдек, шартномавий муносабатларни йўлга қўйиш ва сув таъминоти хизматларидан фойдаланишда тартибни таъминлаш мақсадида вилоятдаги 76 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 559 та хонадонда ўрганишлар олиб борилиб, 343 та ҳолатда қонунбузарликлар аниқланган. Улар бўйича жами 936 миллион сўмлик маъмурий жарималар қўлланилиб, белгиланган тартибда ундириш чоралари кўрилган.
Тадбирда таъкидланганидек, инспекция томонидан сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, ноқонуний уланишларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг ичимлик сувига оид маданиятини ошириш бўйича доимий равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Матбуот анжумани якунида журналистлар ва блогерлар соҳадаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўналишида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Ғулом Примов, ЎзА