Сув хўжалигининг етакчи аёллари тақдирланди
Сув хўжалиги вазирлигида 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси. 3-босқич» лойиҳаси билан ҳамкорликда 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Хабарга кўра, тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Х.Қувондиқов сўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ва ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратиб бериш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

“Бугунги кунда вазирлик тизимида меҳнат қилаётган мутахассис-ходимларнинг қарийб 7 фоизини, яъни 2200 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Улардан 30 нафари раҳбарлик лавозимларда фаолият кўрсатмоқда. Кейинги йилларда сувчи аёлларни ҳар томонлама рағбатлантириш, уларни раҳбар лавозимларга тавсия этиш, битирувчи талабалар орасидан қизларга кенгроқ имкониятлар бериш бўйича янги механизм шакллантирилди. Натижада ходимлар орасида ҳам, раҳбарлар орасида ҳам хотин-қизларнинг улуши ва мавқеи тобора ортиб бораяпти”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, тадбир доирасида вазирлик тизим ташкилотларида фаолият юритаётган, ҳудудий «Аёллар дафтари» рўйхатида турадиган 2 нафар аёл ходималарнинг сиртқи ва кечки таълим бўйича олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз, суҳбат натижалари асосида ўқишга кириши учун вазирлик тавсияномалари ҳамда ҳомий ташкилотнинг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, 5 йиллик тўлов контракт суммасини қоплаб бериш юзасидан сертификатлар тақдим этилди.
Шунингдек, тадбирда жорий йилнинг 16 сентябр куни эълон қилинган «Сув хўжалигининг етакчи аёллари» танловининг ғолиблари тантанали равишда тақдирланди.

Хотин-қизларнинг сув хўжалигига қўшган ҳиссасини муносиб рағбатлантириш, сув ресурсларини бошқариш ва барқарор ривожланишда аёлларнинг роли муҳимлигига жамоатчилик эътиборини ошириш ҳамда сув хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатаётган аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган ушбу танлов шартига кўра, ҳар бир иштирокчи сув хўжалиги соҳасидаги хотин-қизларнинг иш фаолиятига оид фотосурати ва унинг профессионал муваффақиятининг қисқача тарихини тақдим этиши керак эди.
Танловга жўнатилган 50 дан ортиқ ижодий ишлар орасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 1 нафардан, жами 13 нафар ғолибалар аниқланиб, уларга сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундан ташқари, тадбир доирасида Ўзбекистон сув хўжалигининг 2030 йилгача бўлган гендер концепциясини ишлаб чиқиш ишчи гуруҳининг иккинчи мажлиси ҳам ўтказилиб, мазкур ҳужжатни янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
ЎзА