Сув хўжалигидаги ҳамкорликнинг янги истиқболлари
Бугунги кунда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш ва иқлим ўзгариши шароитида сув хавфсизлигини таъминлаш дунё миқёсидаги долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги етакчи ўрин тутадиган Ўзбекистон учун сув хўжалиги соҳасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш стратегик аҳамият касб этади. Бу йўналишда халқаро молия институтлари билан самарали ҳамкорлик муҳим ўрин тутмоқда.
Ана шундай ишончли ҳамкорлардан бири Осиё тараққиёт банки ҳисобланади. Нуфузли халқаро минтақавий молия муассасаси бўлган мазкур банк билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик 1995 йилда, мамлакатимиз ОТБга аъзо бўлганидан сўнг янги босқичга кўтарилди. Ўтган йиллар давомида сув хўжалиги, ирригация, энергетика ва инфратузилма соҳаларида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиб, улар мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.
Сув хўжалиги соҳасида амалга оширилган муҳим лойиҳалардан бири “Аму-Бухоро ирригация тизимини қайта тиклаш” лойиҳасидир. Ушбу лойиҳа доирасида Бухоро вилояти ҳамда Навоий вилоятининг Кармана ва Қизилтепа туманларини сув билан таъминлайдиган “Аму-Бухоро-I” насос станцияси тўлиқ янгидан қурилди.

Умумий қиймати 82 миллион 960 минг АҚШ долларига тенг бўлган мазкур иншоот замонавий технологиялар асосида барпо этилди. Насос станциясига ҳар бири сониясига 11,25 куб метр сув чиқариш қувватига эга бўлган 8 та юқори унумли насос агрегати ўрнатилди. Натижада станциянинг умумий сув чиқариш ҳажми сониясига 90 куб метрга етказилди.
Лойиҳа доирасида фақат “Аму-Бухоро-I” насос станцияси эмас, балки Когон туманида жойлашган, сув чиқариш ҳажми сониясига 114 куб метр бўлган “Қуйимозор” насос станцияси ҳамда Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги, сониясига 125 куб метр сув узатиш имкониятига эга “Қизилтепа” насос станцияси ҳам тўлиқ модернизация ва реконструкция қилинди.
Президентимизнинг 2022 йил 27 сентябрдаги “Оролбўйи ҳавзасида сув ресурсларини иқлим ўзгаришига мос ҳолда бошқариш” лойиҳасини Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур қарор асосида 2022–2029 йилларга мўлжалланган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Умумий қиймати 194,9 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларини қамраб олган бўлиб, асосий мақсад сув ресурсларини иқлим ўзгариши шароитида самарали бошқариш, сув йўқотилишини камайтириш ва ирригация инфратузилмасини яхшилашдан иборат.
Бухоро вилоятида лойиҳа доирасида амалга оширилаётган муҳим ишлардан бири — “Жондор” магистраль каналини реконструкция қилиш ҳисобланади. Ушбу каналнинг умумий узунлиги 84 километр бўлиб, сув ўтказиш қобилияти сониясига 55 куб метрни ташкил этади.

— “Жондор” магистраль канали Олот, Қоракўл, Бухоро ва Жондор туманларидаги 44,1 минг гектар экин майдонларини сув билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, — дейди Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси матбуот котиби Ҳамро Акиев. — Шунингдек, у 600 мингдан ортиқ аҳоли томорқалари ҳамда ҳудуддаги саноат корхоналарининг асосий сув манбаи ҳисобланади.
Маълум қилинишича, 2026 йил 1 май ҳолатига кўра, каналдаги иншоотларни қайта тиклаш ишлари изчил давом этмоқда. Жумладан, 82,7 километр қисмида тупроқ ишлари, 21,2 километр қисмида эса бетонлаштириш ишлари тўлиқ якунланган.
Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар нафақат сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш, балки аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлаш ва мамлакат иқтисодий тараққиётини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА