Сув хўжалигида Наманган тажрибаси оммалаштирилди
Наманганда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этиш, тизим самарадорлигини оширишга бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.
Мамлакат миқёсидаги мазкур анжуманда Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти, барча ҳудудлардан келган бошқарма раҳбарлари ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Семинар Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси фаолияти билан танишишдан бошланди. Меҳмонларга соҳада яратилган замонавий инфратузилма, амалга оширилаётган ишлар ва илғор тажрибалар яқиндан таништирилди.

Республика сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, Наманган вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Анваржон Ҳакимов юртимизда Президентимиз ташаббуси билан тармоқда олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг самаралари, хусусан, сувни асраш, ундан оқилона фойдаланиш, айниқса, ҳосилдорликда тежамкор технологиялар қамровини кенгайтириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар ўз самарасини бераётганлигини таъкидлашди.
Тадбир давомида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этиш, тизим самарадорлигини ошириш ҳамда сув фонди ер майдонларидан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида ер майдонларини “E-auksion” электрон платформаси орқали ижарага бериш тартибига алоҳида эътибор қаратилди.

Тақдимотларда “Кавсар-томчи” инновацион суғориш технологияларининг афзалликлари кенг ёритилди. Қайд этилганидек, ушбу тизим сув сарфини 35-40 фоизгача камайтириш, ҳосилдорликни эса, 15 фоизга ошириш имконини беради. Қолаверса, қуёш панеллари орқали сув етказиб бериш тизими электр энергияси харажатларини сезиларли даражада қисқартиради. Айни вақтда Наманган вилоятидаги 90 та фермер хўжалигига қарашли 1,5 минг гектар майдонда мазкур технологиялар амалиётга кенг жорий этилган.
Семинар иштирокчилари Чортоқ туманида жойлашган “Айқирон-1” насос станциясида бўлиб, каналларни бетонлаш, сув тежовчи технологиялар, насос станциялари фаолияти, ёрдамчи хўжаликлар ва мелорация ишларини кўздан кечиришди. Бундан ташқари, саноат корхоналари ва энергия тежашга қаратилган ечимлар бўйича кўргазмали тақдимотлар ўтказилди.
Анжуман якунида илғор тажрибаларни оммалаштириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Қишлоқ ва сув хўжалигида ўзига хос маҳорат мактабига эга бўлган Наманганда ўтказилган республика амалий семинари соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда “Наманган тажрибаси”ни кенг оммалаштиришга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА