"Сув ва ҳаёт рамзи" ғолиблари тақдирланди
Пойтахтимизда "Сув ва ҳаёт рамзи" мавзуида эскизлар ва ҳайкалтарошлик ижодий ишлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
"UzWaterAware" лойиҳаси доирасида ўтказилган ушбу танловнинг тақдирлаш маросимида Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали директори, лойиҳа менежери Шаҳноза Умарова, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳайкалтарошлик кафедраси мудири Нафиса Гилманова ва бошқалар сув ва экологияни асрашга қаратилаётган чора-тадбирларда бу каби танловлар аҳамиятли эканини таъкидлади.
Ҳаётимиз учун сув ва экологияни асраш жуда муҳим. Танловнинг асосий мақсади ҳам иштирокчиларни сув ресурслари ҳақида эскизлар ва ҳайкалтарошлик ижодий ишларни яратишга даъват этиб, айнан ушбу мавзуга барчанинг эътиборини тортишга қаратилди. Унда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ва П.Беньков номидаги Республика рассомлик коллежи ўқитувчи, талаба ва ўқувчиларидан 60 нафари ўз ижодий ишларини тақдим этди.
Танловга ҳавола этилган сув ва унинг аҳамияти, сув ва экология, Орол денгизи каби мавзулардаги 48 та асардан 9 таси танлаб олинди. Якуний натижаларга кўра, "санъат мактаблари ўқувчилари" номинацияси бўйича Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчилари Сарварбек Ғозиқулов биринчи ўрин, Нозим Абдусаматов иккинчи ўрин ва Муҳайё Жуманазарова учинчи ўринга сазовор бўлди.
"Санъат олий ўқув юртлари талабалари ва магистрантлари" номинациясида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари Набижон Зоиров биринчи ўрин (Жиззах вилояти), Ҳайитмирзо Ёкубжонов иккинчи ўрин (Наманган вилояти) ва Маъмур Маҳмудов учинчи ўринга лойиқ кўрилди. "Санъат мактаблари ва университетларининг ўқитувчилари" номинациясида Ботир Ҳакимов биринчи ўрин, Андрей Гречкин иккинчи ўрин ва Шерзод Курязов учинчи ўрин ғолиби бўлди.

– Танловда Орол муаммосига бағишланган композициям билан қатнашдим, – деди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчиси Ботир Ҳакимов. – Унда Орол денгизининг қуриши ва денгиз атрофида яшайдиган аҳоли ҳаёти акс эттирилган. Албатта, Орол денгизи бугун барчамизнинг сувга бўлган муносабатимизни ўзгартирди. Танловга тақдим этган ишим юқори баҳоланиб, биринчи ўринни эгалладим. Бу мени янада ижодий фаолликка ундайди. Ушбу танлов нафақат ўқитувчиларни, балки талабаларимизнинг ҳам ижодий фаоллигини оширди. Яқинда шу танловда ғолиб бўлган магистрантимиз Ҳайитмирзо Ёқубжонов яратган илк ишларидан бири Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ва унинг Ўзбекистондаги филиали тавсияси ва кўмаги билан Урганч шаҳридаги маданият ва истироҳат боғида ўрнатилгани бизни жуда қувонтирди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА