Сув тошқини оқибатлари бартараф этилмоқда (+видео)
Жорий йилнинг 8 май куни тахминан 9.30 – 10.00 ларда Андижон вилояти Булоқбоши туманидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона каналининг Сарвонтепа маҳалласи ҳудудидаги қирғоқларига шикаст етганлиги натижасида сув тошқини юз берди.
Тошқин натижасида маҳалланинг канал яқинидаги Наврўз, Чилустун, Сухон ва Юксалиш кўчаларидаги кўплаб хонадонларга, томорқаларга сув кирган. Сувнинг сатҳи тахминан 70-100 сантиметрга кўтарилган. Ушбу маълумот олиниши билан Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан канал суви тўхтатилган.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида сув тошқини тезкор штаби тузилиб, мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Аҳолига зарур кўмак кўрсатилиб, зудлик билан табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар бошланди.
– Сув тошқини ҳақидаги маълумот олиниши билан Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, шунингдек, Булоқбоши ва қўшни туманлар бўлимларидан қидирув-қутқарув гуруҳлари воқеа жойига зудлик билан етиб келди, – дейди Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Ботиржон Ашуров. – Энг аввало, фуқаролар хавфсиз жойларга кўчирилди. Тошқин тўхташи билан насослар ва бошқа махсус жиҳозлар ёрдамида хонадонларга кирган сувларни чиқариш ишлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, ходимларимиздан кўмак сўраб мурожаат қилган ҳар бир фуқаро, ҳар бир оилага зарур ёрдамлар кўрсатилди. Зарур техника воситалари жалб этилди. Ходимларимиз икки кундан буён куну тун тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича зарур барча ишларни олиб бормоқда.
Айни пайтда Сарвонтепа маҳалласидаги 876 та хонадонда 4 минг 900 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳозиргача 200 га яқин хонадон ўрганиб чиқилиб, тошқин етказган талафот миқдори аниқланди, фуқароларга кўрилган зарарларни қоплаш учун пуллар берилмоқда.
– Табиий офатни бартараф этиш бўйича маҳалламизда вилоят ҳокими бошчилигида Сув тошқини тезкор штаби тузилди, – дейди “Сарвонтепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Равшанбек Умрзоқов. – Фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, миллий гвардия, соғлиқни сақлаш, йўл қурилиш, электр энергияси таъминоти ва бошқа масъул идоралар вакиллари томонидан тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар йўлга қўйилди.
Ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар бир хонадон кўрган зарар ва талафотлар ўрганиб чиқилмоқда. Ҳозиргача 170 дан зиёд хонадон эгаларига зарарларни қоплаш учун ёрдам пуллари берилди. Ҳеч ким норози бўлаётгани йўқ. Ўрганиш ишлари яна давом этмоқда.
Кутилмаган табиий офат маҳалла аҳлини, барча андижонликларни ташвишга солди. Лекин тезкор кўрилган чоралар, ҳамжиҳатликда олиб борилган ишлар натижасида ҳаёт аста-секин ўз изига тушиб бормоқда.
– Сув тошқини одамларни анча таҳликага солди, – дейди маҳалланинг Наврўз кўчасида яшовчи, меҳнат фахрийси Баҳодиржон Юлчиев. – Экинларимиз сув остида қолди, гувала, хом ғиштдан бўлган, хонадонлар атрофи ўралган айрим деворлар, молхоналар қулади.
Ҳукуматимизга, Президентимизга, ҳокимларимизга раҳмат. Тошқин сабаб кўча, хонадонлар ичи ва томорқаларга тўпланиб қолган лойқалар йиғиштирилишига кўмаклашилмоқда. Кўрилган зарарларимиз қоплаб берилмоқда. Масалан, шахсан менинг хонадоним ўрганилиб, кўрилган зарарларни қоплаш учун 11 миллион сўм миқдорида пул берилди.
Ушбу офат маҳалламизни анча ташвишга қўйди. Лекин ҳамжиҳатлик, қолаверса, кўрсатилаётган ёрдамлар билан ташвишларни, юзага келган қийинчиликларни, албатта енгиб ўтамиз.
[gallery-23276]
Тузилган Ишчи гуруҳлар томонидан хонадонлар ўрганиб чиқилиб кўрилган зарарлар тўла қоплаб берилмоқда. Масалан, Наврўз кўчасида яшовчи Зарифахон Хайитовага хонадонида кўрилган зарарни қоплаш учун 15 миллион сўм, Насибахон Жалиловага 14,5 миллион сўм миқдорида ёрдам пуллари берилди. Ҳозирга қадар 170 дан ортиқ хонадон соҳиблари турли миқдордаги ёрдам пулларини олди. Хонадонларни ўрганиш жараёни давом этмоқда.
Табиий офат юз берган кундан бошлаб тиббиёт ходимлари хам маҳалла аҳлига яқиндан кўмак бериб келмоқда.
– Табиий офат юз берган куни Булоқбоши ва қўшни туманлар тез тиббий марказларининг бир нечта тез тиббий ёрдам машиналари воқеа жойига етиб келган, – дейди туман тез тиббий ёрдам маркази шифокори Жасурбек Халимжонов. – Стресс ҳолатга тушиб қолган фуқароларга зудлик билан ёрдам кўрсатилди. Мана икки кундан буён шу ерда навбатчилик ташкил этилиб, шифокорлар, ўрта тиббиёт ходимлари иш олиб бормоқда.
Бугун мутасадди ташкилотлар мутахассис ва ходимлари томонидан маҳалла ҳудудидаги лойқага тўлган ариқ ҳамда зовурларни тозалаш, хонадонларнинг бузилиб кетган атроф деворларини тиклаш, томорқаларни лойқадан тозалаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Сув босган Наврўз кўчасининг асосий қисмига асфальт ётқизилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, кўчанинг қолган қисми ва бошқа кўчалар ҳам тўла асфальтланади. Бундан ташқари, электр энергияси таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида кўчалардаги ёғоч устунлар темир-бетонли устунларга алмаштирилмоқда.
– Ҳозирга қадар Наврўз кўчасида 40 га яқин электр линияси устунлари янгисига алмаштирилди, – дейди Булоқбоши тумани элект тармоқлари корхонаси устаси Ашурали Эрқулов. – Устунлар тўла янгиланади, янги электр тармоғи тортилади.
Бугун тошқиндан азият чеккан аҳолини қўллаш, уларга кўмаклашиш, сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида кўплаб туман, вилоят ташкилотлари, кўнгилли ҳашарчилар маҳаллада иш олиб бормоқда, зарур техника воситалари жалб этилган. Улар учун шу ернинг ўзида иссиқ овқатлар тайёрлаб берилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, олиб борилаётган ишлар натижасида қисқа кунларда тошқин оқибатлари тўла бартараф этилади, маҳалла инфратузилмаси янада яхшиланади, маҳалладаги тинч ва осуда ҳаёт ўз изига тушади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/waeH2aJGopc" title="Suv toshqini oqibatlari bartaraf etilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.