Сув таъминотида сифатни ошириш долзарб вазифадир
"Тошкент вилояти сув таъминоти" АЖ томонидан жорий йилнинг тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди.
Унда мазкур ташкилотнинг Ахборот хизмати раҳбари Мирзаозод Мирзанеъматов томонидан жойларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Қайд этилганидек, Тошкент вилоятида 2026 йилнинг тўққиз ойида ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда энергия ресурсларини тежаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, ҳудуддаги 3 миллион 194 минг нафар аҳолининг 81,7 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган 584 минг 72 нафар аҳоли муқобил манбалардан фойдаланмоқда. Вилоятдаги 883 та маҳалланинг 449 таси тўлиқ, 388 таси қисман марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 46 та маҳаллада эса ҳозирча бундай имконият мавжуд эмас.
“Тошкент вилояти сув таъминоти” акциядорлик жамияти тасарруфидаги 1 минг 44 та сув иншооти ва узунлиги 8 минг 140 километр бўлган ичимлик сув тармоқлари орқали аҳолига сув етказиб берилмоқда. Шу билан бирга, тармоқларда юзага келган аварияларни тезкор бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида 16,6 мингдан ортиқ авария ҳолати бартараф этилди.
Ичимлик суви билан таъминланмаган ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш мақсадида 10 та маҳалла давлат дастурларига киритилган. Режалаштирилган ишлар амалга оширилиши натижасида вилоятда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 82 фоиздан ошириш кўзда тутилган. Қолган 36 та маҳаллада истиқомат қилувчи 136 минг нафар аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 160,4 миллиард сўм маблағ талаб этилади. Ушбу маблағ эвазига 47 та сув иншооти қуриш ва 361,2 километр ичимлик сув тармоғини барпо этиш режалаштирилган.
Жойларда оқова сув хизматлари қамровини кенгайтириш ҳам долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Айни пайтда 729 минг 413 нафар ёки аҳолининг 22,8 фоизи ушбу хизматдан фойдаланмоқда. Акциядорлик жамияти тасарруфида 29 та оқова сув иншооти мавжуд бўлиб, уларнинг 12 таси йирик, 17 таси эса локал тозалаш иншоотларидир.
Хусусан, Янгийўл шаҳридаги оқова сув тозалаш иншоотида амалга оширилган реконструкция ишлари натижасида шаҳар ва туман ҳудудидаги 26 та маҳаллада яшовчи 41 минг 200 нафар аҳолининг оқова сув таъминоти яхшиланди. Бунинг ҳисобига вилоятда оқова сув хизмати билан қамров даражаси 22,5 фоиздан 22,8 фоизга етказилди.
Президентимизнинг 2022 йилдаги тегишли қарори асосида Осиё тараққиёт банки иштирокида умумий қуввати суткасига 392 минг куб метр бўлган бешта оқова сув тозалаш иншоотини қуриш ва лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Янгийўл, Бекобод, Олмалиқ, Ангрен ва Оҳангарон шаҳарлари, Чиноз туманида оқова сув тозалаш иншоотлари, насос станциялари ҳамда тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якуний босқичда давом этмоқда. Чирчиқ шаҳрида эса суткалик қуввати 130 минг куб метр бўлган оқова сув тозалаш иншооти дастлабки синов тариқасида ишга туширилган. Мазкур қурилиш ишлари тўлиқ якунлангач, 103 та маҳаллада истиқомат қилувчи 352 минг нафар аҳолини оқова сув хизмати билан қамраб олиш имконияти яратилади. Ҳозирда олтита пакет доирасида қурилиш-таъмирлаш ва монтаж ишлари давом этмоқда.
Бўка ва Пискент туманларида ҳам оқова сув хизматлари қамровини оширишга қаратилган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Умумий қиймати 77 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида 27,4 километр оқова сув тармоғини тортиш ва қуввати суткасига 6 минг куб метр бўлган тозалаш иншоотини қуриш белгиланган.
Истеъмолчиларни узлуксиз ичимлик суви билан таъминлашда тармоқлар ва насос ускуналарининг техник ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Шу боис 2026 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 180 километр ичимлик сув тармоғини ҳамда 192 та насос агрегатини жорий ва мукаммал таъмирлаш белгиланган эди. Амалга оширилган ишлар натижасида 184,7 километр тармоқ таъмирланиб, режа 103 фоизга, 203 та насос агрегати таъмирланиб, режа 106 фоизга бажарилди. Бунинг натижасида вилоятдаги 41 та маҳаллада истиқомат қилувчи 67 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти сезиларли даражада яхшиланди.
Брифингда сув таъминоти тизимида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва харажатларни камайтириш мақсадида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилгани ҳақида ҳам айтилди. Хусусан, ичимлик ва оқова сув иншоотларига 209 та энергия тежамкор насос ускунаси, 94 та частота ростловчи қурилма ҳамда қуввати 650 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Натижада жорий йилнинг тўққиз ойида 1 миллион 109 минг киловатт-соат электр энергияси тежалди.
Умуман олганда, 2026 йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишлар вилоятда ичимлик ва оқова сув хизматлари қамровини кенгайтириш, мавжуд инфратузилмани янгилаш, аварияларни тезкор бартараф этиш ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
А.Мусаев,ЎзА