Сув таъминоти ходимлари шарафланди
Мамлакатимизда 18 апрель уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётганларни “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлаш яхши анъанага айланган.
Шу муносабат билан Миллий матбуот марказида “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг тизим корхоналарида самарали меҳнат қилиб келаётган 54 нафар соҳа вакилига “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” кўрак нишони, 120 нафар ходимга эса фахрий ёрлиқ топширилди.
Тадбирда сўзга чиққан “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев йиғилганларни касб байрами билан қутлаб, ўтган қисқа даврда коммунал соҳанинг барча йўналишларида, шу жумладан, аҳолининг ичимлик сув таъминотини тубдан яхшилаш борасида улкан натижаларга эришилганини таъкидлади. Бу борада соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир ходимнинг муносиб ҳиссаси борлиги эътироф этилди.
[gallery-6688]
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган катта эътибор натижасида охирги беш йилда 6,5 миллион нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланди. Биргина ўтган йили 474 та сув иншооти қурилиб 6 минг 300 километрга яқин тармоқлар тортилган. Натижада, 592 та маҳаллада 2 миллиондан зиёд аҳолининг сув таъминоти яхшиланган.
Тақдирланганлар ушбу юксак эътироф уларга куч-ғайрат бағишлаб, соҳа ривожи ва одамларнинг оғирини енгил қилиш орқали инсон қадрини улуғлаш йўлида янада фидокорона меҳнат қилишга ундашини таъкидлашди.
Нилуфар Бозорова, Оқил Ғуломов ЎзА сурати Фотода