Сув таъминоти соҳасида кадрлар сиёсати
“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан “Сув таъминоти соҳасида кадрлар сиёсати: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро матбуот анжумани ўтказилди.
Жамият раҳбарияти ва мутасаддилари, халқаро молия институтлари вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда сув таъминоти тизимида олиб борилаётган кадрлар сиёсатининг асосий йўналишлари, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётган ишлар ва бу борада истиқболдаги режалар хусусида сўз борди.
Таъкидланганидек, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ва унинг тизим ташкилотларида жами 22 617 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг касбий малакасини ошириш учун ўқитиш ва қайта тайёрлаш дастурларини амалга ошириш, юқори салоҳиятга эга кадрлар захирасини шакллантириш, кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш чораларини кўриш, меҳнат бозорини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш соҳадаги кадрлар сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади.
– Соҳага жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳисобидан мамлакатимизда аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражасини тубдан ошириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида қатор инновацион технологиялар, шу жумладан, SCADA ахборот йиғиш ва диспетчерлик назорат тизими, геоахборот тизими, янги биллинг тизими жорий қилинди, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Хуршид Рахматуллаев.
– Бу эса ўз навбатида, соҳа мутахассисларида янги технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг билим ва малакасини оширишни тақозо этмоқда. Шу боис жорий йилнинг феврал-март ойларида ҳудудлар кесимида иқтисод, эксплуатация, техника хавфсизлиги бўйича 292 нафар мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ва амалий машғулотлар ташкил этилди.
Йил охиригача барча ҳудудий сув таъминоти ташкилотларининг яна 2 минг нафар ходимларини ўқитиш режалаштирилган. Шунингдек, март-апрель ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзсувтаъминот” АЖ тасарруфидаги ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг 32 нафар раҳбар ва ходимлари учун “Ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида замонавий бошқарув” мавзусида ўқув курслари ўтказилиб, тингловчиларга махсус сертификатлар топширилди. Бундан ташқари, ҳудудий сув таъминоти корхоналари ахборот хизматлари раҳбар ва мутахассисларининг фаолият самарадорлигини ошириш, уларда ахборот етказишнинг замонавий усул ҳамда воситаларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ўқув семинарлари ташкил этилган.
Айни кунларда ҳудудий сув таъминоти ташкилотларида меҳнат қилаётган 660 нафар лаборатория ходимларини лавозимга лойиқлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Қолаверса, маҳаллий мутахассисларни дунё тажрибасида қўлланилаётган замонавий технологиялар билан таништириш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида Латвиянинг “CLEANTECH LATVIA”, Корея Республикасининг “K-Water”, Франциянинг “Suez” компаниялари ва бошқа хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, сув таъминоти корхоналари ходимларининг ушбу давлатларга хизмат сафарлари мунтазам ташкил этилмоқда.
Анжуманда сўзга чиққан халқаро молия институтлари вакиллари Ўзбекистонда ичимлик сув таъминоти тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани, уларнинг самарали тадбиқ этилишида соҳада фаолият юритаётган ходимларнинг ҳиссаси беқиёс эканлигини таъкидлаб, уларнинг билим ва малакасини янада ошириш учун бундан кейин ҳам яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
[gallery-7311]
Нилуфар Бозорова,
Ойбек Пардаев (сурат )ЎзА