
Канадада сувга сакраш бўйича ўтказилган жаҳон кубогининг иккинчи босқичида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятга эришган бўлса, Тошкент вилоятида сув полоси бўйича мамлакатнинг энг кучли жамоалари аниқланди.
Кеча Канаданинг Виндзор шаҳрида поёнига етган жаҳон кубогининг иккинчи босқич баҳсларида терма жамоамиз аъзоси Игорь Мялин финал мусобақаларида қатнашиб, 410,50 балл жамғарди. Ушбу натижа Игорь Мялинни дунёнинг энг кучли саккиз нафар спортчисидан бирига айлантирди.

Тошкент вилояти сув ҳавзасида сув полоси бўйича ташкил этилган мамлакат чемпионатининг эркаклар жамоалари ўртасидаги мусобақада Республика олий спорт маҳорати мактаби жамоаси чемпионликни тантана қилган бўлса, совринли ўринларни Наманган, Тошкент ва Жиззах вилояти жамоалари эгаллади.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда ғолиблик “Uzbekistan Aquatics” жамоасига насиб этди. Хоразм, Наманган ва Тошкент вилояти вакиллари кейинги поғоналардан жой олишди.
Т.Рўзиев, ЎзА