Сув ресурсларини бошқариш ривожлантирилади
Сувни тўғри ва тежамкорлик билан сарфлаш нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда долзарб масалага айланган. Чунки сув истеъмоли йилдан-йилга ортиб бормоқда, захиралар эса чексиз эмас. Буларнинг барчаси дунёнинг аксарият мамлакатларида сув ресурсларини бошқаришга энг янги ва юқори самара берадиган технологияларни жалб этиш лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.
Жорий йил 28 февраль куни “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Иқлим технологиялари орқали сув ресурсларини бошқаришни ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди
Қарорга кўра, йирик сув иншоотлари ва магистрал қувурларга 4,8 мингта ҳисоблагични ҳамда 2,8 мингта телеметрия тизимларини ўрнатиш ҳисобига ишлаб чиқарилган ичимлик сувининг аниқ ҳисобини юритиш, 12,7 мингта сув иншоотлари ҳамда 80 минг километр ичимлик ва оқова сув тармоқларининг рақамли харитасини (GIS) жорий этиш орқали инфратузилмани янгилаш ишлари самарадорлигини ошириш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, 5,1 миллион истеъмолчини қамраб олган биллинг тизимини такомиллаштириш, сув таъминоти корхоналари молиявий ҳисоботининг халқаро стандартларига ўтиш ва консолидациялашган ҳисоб-китобини юритиш ҳамда республика ва 14 та ҳудудий сув таъминоти корхоналарида ягона ситуацион марказ ташкил этиш орқали аварияларни тезкор бартараф қилиш тизимини жорий этиш лойиҳанинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА