Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш эътиборда
Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ҳудуд масъуллари билан бирга Тошкент вилоятидаги сув хўжалиги объектларининг кузги-қишки мавсумга тайёргарлиги, насос станцияларининг техник ҳолати ҳамда ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини ўрганди.
Хусусан, Чирчиқ–Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги қатор объектлар, жумладан, “Тошкент” магистраль канали бош иншооти ҳудудидаги марказлашган “Ёрдамчи хўжалик”, Ўрта Чирчиқ туманидаги “Ангор-2” насос станцияси ҳамда “Тошкент” сув омборидаги мавжуд ҳолат кўздан кечирилди.
“Тошкент” магистраль канали бош иншооти ҳудудида ташкил этилган ёрдамчи хўжаликда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, бўш ер майдонларини мақсадли ўзлаштириш ва қўшимча даромад манбаларини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Фаолият кўламини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

“Ангор-2” насос станциясида иншоотнинг техник имкониятлари ва иш жараёни билан бир қаторда ёрдамчи хўжалик фаолияти ҳам кўриб чиқилди. Чорва моллари сонини кўпайтириш, паррандачиликни йўлга қўйиш ва хўжаликнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар берилди.
Шунингдек, насос агрегатларини мавсумий юкламаларга тайёрлаш, уларни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказиш ва таъмирлаш ишларини кечиктирмаслик зарурлиги таъкидланди. “Тошкент” сув омборида эса гидротехника иншоотларининг ишончли фаолиятини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва белгиланган вазифалар ижроси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Ўрганишлар якунида масъул раҳбарларга куз-қиш мавсумида сув хўжалиги объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш, мавжуд техника ва гидромеханик жиҳозларни соз ҳолатда сақлаш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
А.Мусаев,ЎзА