Сув полоси: Марказий Осиё чемпионатида ҳамюртларимиз муваффақиятга эришди
Пойтахтимиздаги Республика олий спорт маҳорати мактабининг сув ҳавзасида сув полоси бўйича Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг 6 та аёллар ва 6 та эркаклар терма жамоалари иштирокида ўтган баҳслар халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиши, ёш спортчиларнинг катта спорт майдонидаги ўйин амалиёти юксалишига хизмат қилди, шунингдек, мураббийлар учун жамоаларни истеъдодли спортчилар билан тўлдириш имкониятини тақдим этди.
Ортда қолган икки кунлик ўйинлар сарҳисобига кўра, эркаклар ва аёллар жамоалари орасида Ўзбекистон миллий терма жамоалари чемпионликни тантана қилди.
Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси чемпионатнинг илк кунида Қозоғистоннинг Атирау вилояти жамоасини 15:11, Туркманистон терма жамоасини 5:0, мамлакатимиз ёшлар жамоасини 20:6 ҳисобида мағлуб этди.

Сўнгги кунги баҳсларда йигитларимиз Қозоғистон терма жамоасини 12:8, Қозоғистон ёшлар терма жамоасини 13:2 кўринишида таслим этди.
Аёллар ўртасидаги ўйинларда ҳам мамлакатимиз миллий терма жамоаси аъзолари барча рақибларидан устун эканини намойиш этди.
Полочи қизларимиз Тошкент вилояти жамоасини 15:1, Туркманистон жамоасини 5:0, Қозоғистон жамоасини 11:7 ва Ўзбекистон ёш қизлар жамоасини 17:8 ҳисобида енгди.
Т.Рўзиев,
ЎзА