Сув полочи қизларимиз халқаро йиғинда иштирок этди
Ўзбекистон аёллар сув полоси терма жамоаси Қозоғистоннинг Тараз шаҳридаги спорт мажмуасида халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Машғулотлар миллий жамоа бош мураббийи Акбар Содиқов раҳбарлигида ташкил этилди.
Йиғинда делегация таркибида 15 нафар спортчи ва 2 нафар мураббий иштирок этди. Мазкур йиғин жамоани мавсумнинг энг муҳим мусобақаси — XX Ёзги Осиё ўйинларига мақсадли тайёрлаш доирасида ташкил этилди.

Ўқув-машғулот йиғини давомида Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистон аёллар сув полоси терма жамоаси билан қўшма машғулотлар олиб борди. Юқори рақобат муҳитида кечган тайёргарлик жараёни техник-тактик ҳаракатларни такомиллаштириш, жисмоний ҳолат даражасини ошириш ҳамда мавсумнинг асосий халқаро мусобақалари олдидан муҳим ўйин тажрибасини тўплаш имконини берди.

Бу каби халқаро йиғинлар жамоанинг тайёргарлик жараёнида муҳим аҳамият касб этиб, бўлажак нуфузли мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритишга муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА