Сув келган қишлоқ: Ғузорда ислоҳотлар одамлар ҳаётини қандай ўзгартирмоқда?
Қашқадарё вилоятида аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш сўнгги йилларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар сув таъминоти тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда.
Президентнинг 2024 йил 28 мартдаги ПҚ–141-сон қарорига мувофиқ, Ислом тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида Қашқадарё вилоятининг Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши ва Ғузор туманларидаги 25 та маҳаллада ичимлик суви тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бошланган.
Умумий қиймати 94,7 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳалар учун 2026 йилда 60,1 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари режалаштирилган. Ҳозирга қадар 269,3 километр янги ичимлик суви тармоқлари барпо этилди. Шунингдек, бир қатор сув иншоотлари ҳам қурилиб, тизимнинг ишончли фаолият юритиши учун замонавий муҳандислик ечимлари жорий этилмоқда.
Ҳудудлар кесимидаги кўрсаткичлар ҳам эътиборга молик. Китоб туманида олтита маҳаллада 40,6 километр, Шаҳрисабз туманида тўртта маҳаллада 60,1 километр, Яккабоғ туманида 31,7 километр, Қамашида 45,4 километр ҳамда Ғузор туманида 93,5 километр янги ичимлик суви тармоқлари қурилди. Бу рақамлар ортида эса минглаб оилаларнинг кундалик турмуши, соғлиғи ва ҳаёт сифати мужассам.
Бу борада Ғузор туманида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Туманда бугун 227 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Яқин вақтгача уларнинг атиги 77,9 минг нафари, яъни 34,3 фоизи марказлашган ичимлик сувидан фойдаланар, қолган аҳоли эса сувни махсус автомашиналарда ташиб келтиришга мажбур эди. Бу эса нафақат ортиқча харажат, балки санитария ва турмуш сифати билан боғлиқ қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқарарди.
Мавжуд лойиҳа доирасида Хумдон, Халқобод, Янгиобод, Муминобод, Бўстон ва Чаноқ маҳаллаларида 121,3 километр янги ичимлик суви тармоқлари қурилмоқда. Бу ишлар учун 19,5 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, қурилиш-монтаж ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Шу билан бирга, туман марказидаги тўққиз маҳаллада 92,8 километр оқова сув тармоқлари, замонавий оқова сув тозалаш иншооти ҳамда олтита канализация насос станциясини барпо этиш учун 18,1 миллион доллар йўналтирилган.
Ушбу лойиҳалар якунлангач, 38,9 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сувига эга бўлади. Натижада қамров даражаси 34,3 фоиздан 51,5 фоизгача ошади. Шунингдек, оқова сув хизмати билан қамров ҳам амалда йўқ даражадан 17 фоизга етказилиши режалаштирилган.
Ғузор тумани сув таъминоти корхонаси бош муҳандиси Аллаёр Тўхтаевнинг таъкидлашича, кейинги олти йил ичида тумандаги вазият кескин ўзгарган.
– 2020 йилда марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси атиги 3 фоизни ташкил этган эди. Бугун бу кўрсаткич 34 фоизга етди. Янги лойиҳалар тўлиқ ишга тушгач эса 51 фоиздан ошади. Ҳозир 12 та маҳаллага сув етказиб беряпмиз, яқин орада улар сони 18 тага етади. Туманда умумий сиғими 16 минг куб метр бўлган саккизта сув резервуари хизмат кўрсатмоқда, – дейди мутахассис.
“Қашқадарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Ихтиёр Умаровнинг айтишича, қурилиш ишларининг қарийб 60 фоизи бажарилган.
– Лойиҳа доирасида 121 километр ичимлик суви тармоғи қурилмоқда. Қурилиш ишларини жорий йил сентябрь ойида тўлиқ якунлаш режалаштирилган, – дейди у.
Бироқ ҳар қандай рақамнинг ҳақиқий қиймати унинг инсон ҳаётига қандай таъсир кўрсатганида намоён бўлади.
Чаноқ маҳалласи раиси Мастура Ҳайитованинг айтишича, маҳалладаги 673 та хонадоннинг ҳар бирига ичимлик суви тармоғи тортилиб, ҳисоблагич ва кранлар ўрнатилган.
– Илгари аҳоли бир машина сув учун 250-300 минг сўм тўларди. Энди эса сув ҳар бир хонадон эшигигача келди. Бу одамларнинг оғирини енгил қилди, – дейди у.
Маҳалла фуқароси Дилрабо Бердиева ҳам ўзгаришларнинг энг катта баҳосини оддий ҳаёт мисолида ифода этади.
– Шу хонадонга келин бўлиб тушганимга ўттиз беш йил бўлди. Айниқса, аёллар учун сув ташиш энг катта муаммо эди. Бир машина сувни қимматга сотиб олардик ва уни тежаб бир неча ой ишлатишга ҳаракат қилардик. Энди эса сув уйимиз олдига келди. Бу нафақат қулайлик, балки катта иқтисод ҳам бўлди, – дейди у.
Хумдон маҳалласи раиси Дилрабо Юлдошева эса бугун маҳалладаги қарийб 1200 хонадоннинг ҳар бири ичимлик суви билан таъминланишини кутаётганини айтади.
[gallery-30330]
– Илгари аҳоли сувни ташиб келтиришга мажбур эди. Ҳозир барча кўчаларда қурилиш ишлари кетмоқда. Одамларнинг кайфияти ўзгарди. Бу ўзгаришларни улар ўз ҳаётида ҳис қилмоқда, – дейди маҳалла раиси.
Асосийси, бу лойиҳаларнинг самараси қурилган қувурлар ёки ўзлаштирилган маблағлар билан эмас, балки одамларнинг ҳаётидаги амалий ўзгаришлар билан ўлчанади. Бир вақтлар сув ташиш учун юз минглаб сўм сарфлаган хонадонлар бугун барқарор коммунал хизматдан фойдаланмоқда. Санитария шароитлари яхшиланмоқда, вақт ва маблағ тежалмоқда, энг муҳими, одамларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда.
Қашқадарёда амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар инфратузилма қурилиши билан чекланмайди. Улар қишлоқ аҳолисининг турмуш сифатини юксалтириш, ҳудудлар ўртасидаги фарқларни қисқартириш ва “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётга татбиқ этишнинг амалий ифодаси сифатида аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари