Сув, иқлим ва озиқ-овқат хавфсизлиги - минтақавий мулоқотнинг асосий мавзуси
Иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар дунё давлатлари олдидаги энг долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг муҳим тармоғи ҳисобланган Марказий Осиё мамлакатлари учун бу йўналишдаги ҳамкорлик ва тажриба алмашинуви тобора катта аҳамият касб этмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Тожикистон Республикасида бўлиб ўтган FAOнинг Европа учун 35-минтақавий конференциясида иштирок этди.

Конференция доирасида ташкил этилган Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги вазирларининг тўққизинчи йиғилиши минтақанинг аграр сиёсати, соҳадаги мавжуд муаммолар ва келгусидаги устувор вазифаларни муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдонига айланди. Йиғилишда вазир Иброҳим Абдураҳмонов минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Таъкидланганидек, глобаллашув жараёнлари ва иқлим ўзгаришининг кучайиши қишлоқ хўжалиги тизимларини жиддий синовларга дуч келтирмоқда. Шу боис йиғилишда иқлимга мос қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, сув ресурслари тақчиллиги шароитида самарадорликни ошириш ҳам долзарб вазифалардан бири сифатида қайд этилди. Вазир сув тежовчи технологиялар, рақамли мониторинг тизимлари ва ақлли суғориш усулларини кенг жорий этиш бўйича минтақавий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Мутахассислар фикрича, бундай ёндашув нафақат сувдан оқилона фойдаланиш, балки қишлоқ хўжалигида барқарор ўсишни таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Умуман олганда, мазкур йиғилиш Марказий Осиё давлатлари ўртасида аграр соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни кучайтириш ва умумий муаммоларга биргаликда ечим топиш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА