Сурхондарёнинг бой туристик салоҳиятидан оқилона фойдаланилади
Президент қарори – амалда
Сурхондарё бой туристик салоҳияти билан дунёга қайта юз очди. Қадимий воҳадаги ноёб тарихий-археологик ёдгорликлар, муқаддас меъморий обидалар, агро, эко, зиёрат, миллий ҳунармандлик, гастрономик, тиббиёт каби сайёҳлик масканлари нафақат маҳаллий, балки хорижлик туристларни ҳам ўзига мафтун этмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 16 декабрдаги “Сурхондарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори воҳанинг туристик имкониятларидан янада самарали фойдаланиб, соҳани иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айлантиришда муҳим ўрин тутади.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Сариосиё туманидаги “Сангардак”, Бойсун туманидаги “Омонхона” туризм қишлоқлари ҳамда Жарқўрғон туманидаги “Оқтепа” сув омборининг қирғоқ бўйида “Обиҳаёт” туристик марказлари бунёд этилиб, сайёҳларга хизмат кўрсата бошлайди.
Мухбиримиз Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев билан қарор ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.
[gallery-21382]
– Президентимизнинг жанубдаги қадимий воҳада туризмни ривожлантиришга қаратаётган эътиборлари вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга кенг намойиш этишда муҳим омил бўлмоқда. Узоқ ўтмишдан сўзлайдиган археологик ёдгорликлари, тарихий обидалари, эски шаҳарлар харобалари, турли асрларга оид осори-атиқалари билан дунё қадимшуносларида катта қизиқиш уйғотиб келган Сурхон воҳаси эндиликда гўзал табиат манзаралари, шифобахш булоқ сувлари, аждодлардан мерос қолган миллий ҳунармандлик буюмлари, урф-одатлари, ноёб турли таомлари билан хорижлик туристларнинг бу юртга интилишини кучайтирмоқда. Вилоятнинг энг мафтункор гўшаларида “Омонхона”, “Сангардак” ва “Обиҳаёт” туристик масканларининг барпо этилиши воҳага маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар оқимини янада кўпайтиради. Бу марказларни давлат муассасаси шаклида ташкил этилаётган дирекция бошқариб, ривожлантиради.
Қарорга мувофиқ, ушбу ҳудудларда 2025-2027 йилларда меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари, хизмат кўрсатиш мажмуалари ва дам олиш масканларини қуриш учун бўш ер участкаларини 10 йил муддатда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилмоқда. Электрон онлайн аукцион савдоларида реализация қилинган ер участкалари бўйича дастлабки тўлов суммаси 15 фоиздан кўп бўлган ҳолларда қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича фоизларни ҳисоблаш тартиби амал қилмайди.
– Маълумки, туризмни ривожлантириш сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишни тақозо этади. Шу ўринда ажратилаётган ер майдонларида қуриладиган иншоотлар ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз.
– Лойиҳа 945,5 гектар майдонда амалга оширилади. 26 та меҳмонхона, тўртта уй-меҳмонхона, иккита бунгало зонаси, очиқ ва ёпиқ автотураргоҳлар, боғ, дам олиш учун пикник зоналар, кўприк, дор йўли, савдо расталари, маданий ҳордиқ зоналари, санаторий, терминал, ресторан, болалар боғчаси, сувни тозалаш иншоотлари ва бешта қирғоқ зонаси барпо этиш режалаштирилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 триллион 604 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилаётир. Уларнинг йиллик ишлаб чиқариш самарадорлиги 50,5 миллион долларни ташкил этиб, 753 кишининг бандлигини таъминлаш мўлжалланяпти.
Биласизми, дунё иқтисодиётида туризмнинг етакчи тармоққа айланаётгани соҳада рақобатни юзага келтирмоқда. Энди туристлар нафақат сифатли хизматлардан фойдаланишни, балки сайёҳлик масканларидаги замонавий инфратузилмага ҳам алоҳида аҳамият бераётир. Масаланинг шу жиҳатлари эътиборга олиниб, вилоятнинг Сариосиё, Бойсун ва Жарқўрғон туманларида бунёд этиладиган янги туристик масканларда инфратузилма ривожлантирилади. Жумладан, 33,5 километр йўл тармоқлари янгиланади. 42 километр сув тармоғи қурилади. 17,5 километр масофадаги электр тармоғи тубдан яхшиланади. 27 километр алоқа тармоғи барпо этилиб, тезкор интернет билан таъминланади. Энди туристлар Сариосиё туманидаги дунёга машҳур “Сангардак” шаршарасини томоша қилиш, Бойсун туманидаги “Омонхона” шифобахш булоқ сувидан баҳраманд бўлиш баробарида осма дор йўлидан ҳам фойдаланади.
– Қарорда “Сангардак” ва “Омонхона” туризм қишлоқларида қурилиши белгиланган дор йўллари хусусида қисқача тўхталиб ўтсангиз?
– Сариосиё туманидаги “Сангардак” туризм қишлоғи мафтункор шаршараси билан танилган. Бойсун туманидаги Омонхона эса шифобахш зилол суви билан шуҳрат қозонган. Гўзал ва осмонўпар тоғлар қўйнидаги икки қишлоқда осма дор йўлларининг қурилиши сайёҳлар учун янада кўпроқ имконият яратади. Омонхона – Томчи-булоқ йўналиши 4,21 километр, Омонхона – Зовбоши йўналиши 3,85 километр масофада ҳаракатланади. Сангардак қишлоғи ҳудудида 1,8 километрли осма дор барпо этилади. Сангардакнинг мастер режаси асосида хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектлари, жумладан, меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари, соғломлаштириш, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари, санаторий ва халқаро умуммавсумий курорт зона ташкил этилади. Унинг лойиҳа қиймати 887,7 миллиард сўмни ташкил этади. Аукционга чиқариш учун лотлари тайёрланмоқда. 400 дан ортиқ кишининг иш билан таъминланиши кутилмоқда.
Бойсун туманидаги “Омонхона” туристик маркази мастер режасида ҳам хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектлари, меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари, соғломлаштириш, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, санаторий ва халқаро умуммавсумий курорт зона ташкил этиш белгиланган. Қиймати 408,5 миллиард сўмлик лойиҳа 20 та лотдан иборат. Икки юзга яқин кишининг бандлиги таъминланади.
– Таъкидлаганингиздек, “Сангардак” ва “Омонхона” маҳаллий ва хорижлик туристларга танилган ҳудуд. Бироқ, Жарқўрғон туманининг Обиҳаёт маҳалласидаги “Оқтепа” сув омбори ва унинг ҳудуди сайёҳлар учун сирли маскан. Кўпчилик бу сўлим жойни эшитмаган ҳам бўлса керак. Сув омборнинг қирғоқ бўйларида маҳаллий ва хорижлик туристларни ҳайратланарли нималар кутади?
– Бу жойда барпо этиладиган “Обиҳаёт” туристик марказида ҳам хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектлари, меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари, соғломлаштириш, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, санаторий ва халқаро умуммавсумий курорт зона ташкил этилади. Унинг лойиҳа қиймати 308,5 миллиард сўм. 21 лотдан иборат. Майдони 110 гектарни ташкил этади. Лойиҳада “яшил энергия”дан фойдаланиш кўзда тутилган.
Хабарингиз бор, сўнгги йилларда бу ерга хорижликларда қизиқиш пайдо бўлиб қолган. Сув омборнинг қирғоқ бўйи мафтункор табиат боғи ва турли ёввойи ҳайвонлари, қушлари, балиқлари, ёзда шифобахш қумлоқлари билан танилмоқда. Табиат инъом этган бу бойликларни кашф этиш албатта, ҳар бир турист учун завқ бағишлайди. Унинг мастер режаси асосида меҳмонларга сифатли хизматлар кўрсатиш учун ландшафт композициялари, кузатув майдончалари, пляж ҳудудлари ташкил этилади. Ҳудудга замонавий ўриндиқлар ўрнатилиб, спорт ва бошқа қизиқарли маданий тадбирлар ўтказиш йўлга қўйилади. Бу туристик марказ вилоятда сув туризми йўналишини ривожлантириш имкониятини бераётгани ҳам қувонарлидир.
Қарорда туристик марказларни барпо этиш эга-кесими билан аниқ белгилаб берилган. Шунга кўра, сўлим ва мафтункор бу жойлардаги объектларни лойиҳалаш, қуриш ва жиҳозлаш ишларига хорижий ташкилотлар вакиллари, инвесторлар ва хорижлик мутахассисларни жалб этиш назарда тутилган. Лўнда қилиб айтганда, вилоятда бўй кўрсатадиган янги туристик марказлар воҳанинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларидаги сайёҳлик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиб, туризмнинг янги турларини жорий этишга, санаторий ва халқаро умуммавсумий курорт зоналарини янги босқичда ривожлантириб, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири