Сурхондарёликлар Наврўзни улуғламоқда
Сурхондарё вилояти аҳолиси ва меҳмонлари Наврўз байрамини кенг нишонламоқда.
Термиз туманидаги Отчопар мажмуасида туман, шаҳар ва ташкилот, муассасаларнинг қўрғони барпо этилиб, қадимий ўтовлар ўрнатилган. Ҳар бир қўрғон ҳудуднинг миллий қадриятларига мос безатилиб, бой тарихи, маданияти, ноёб урф-одатларини кенг намоён этган. Эришилаётган ютуқлар акс эттирилган.

“Aссалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” шиори остидаги умумхалқ сайлига эрта тонгдан ошиққан воҳа аҳлига байрам таровати ўзгача қувонч, шукуҳ ва баҳорий байрам кайфиятини улашди.
Халқимиз минг йиллардан буён кенг нишонлаб келаётган дўстлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-саховат, бунёдкорлик, ҳамжиҳатлик, ўйғониш байрамида қўшни Тожикистон Республикасидан ташриф буюрган бир гуруҳ меҳмонлар ҳам иштирок этди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов воҳа аҳли ва меҳмонларни Наврўзи олам билан самимий табриклаб, бу шодиёна ўзида мужассам этган юксак ғоялар айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида янада муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида қайд этди. Янги Ўзбекистонда обод ва фаровон, эркин ва кучли демократик жамият барпо этиш, инсон қадрини улуғлашдек эзгу мақсадларни амалга оширишда ўтмишдан халқимиз ардоқлаб келган Наврўзи олам ҳам маънавий куч-қувват бераётганини таъкидлади.

–Наврўз азалдан деҳқончилик мавсумининг бошланиши, қут-барака рамзи бўлиб келган, – деди Тўра Боболов. – Ўтмишдаги аждодларимиз айни шу паллада яхши ниятлар билан дастурхонлари тўкинлиги, эл фаровонлиги учун ерга барака уруғини сочган. Бугун ҳам қалби қайноқ деҳқонларимиз буюк аждодларимиз анъанасини давом эттириб, ёруғ ниятлар билан ердан, ўз томорқасидан ризқ-насиба, қўшимча даромад топишга астойдил ҳаракат қилмоқда.


Ҳудудлардаги бўш турган ерларга мевали-манзарали дарахт ва гул кўчатларини экиб, яшил майдонлар барпо этмоқда. Оби-тобига келган майдонларга турли зироатларнинг барака уруғини сепмоқда. Халқимиз минг йиллардан буён нишонлаб келаётган улуғ айём арафасида Наврўзи олам барчамизнинг ишимизга барака, янги босқичда ривожланаётган Янги Ўзбекистонимизга тинчлик-тотувлик, хонадонларга файз, кўп миллатли халқимизга обод ва фаровон турмуш олиб келсин.


Шарқона янги йил муносабати билан ташкил этилган умумхалқ сайлининг тантанали очилиш маросимида шунингдек, вилоятда ўтган йили эришилган ютуқлар ва галдаги вазифалар ҳам лўнда таҳлил қилинди.
Қайд этилдики, ўтган йили вилоятнинг инвестиция дастури доирасида 66 та умумтаълим мактаби, 35 та мактабгача таълим муассасаси, бешта тиббиёт муассасаси янгидан бунёд этилди. Минг километрдан зиёд ички йўл капитал таъмирланди. Мингта уй-жой барпо этилиб, 3 минг 700 га яқин оила барча шароитларга эга замонавий янги уйларга кўчиб ўтди. Янги саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш нуқталари ишга туширилди. Қишлоқ хўжалигида ҳам салмоқли натижаларга эришилди.


Вилоятдаги янгиланиш ва ўзгаришлар жорий йилда изчиллик билан давом эттирилиб, 3 минг 390 та янги турар-жой ва 61 та бошқа ижтимоий соҳа обьектлари бунёд этилади. Қурилиш материаллари, енгил, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда замонавий корхоналар барпо этилади. Хусусан, 745 та янги лойиҳанинг ишга туширилиши эвазига 13 мингдан ортиқ хотин-қиз ва ёшларнинг бандлиги таъминланади.


Халқ сайлида театрлаштирилган байрам томошалари, пойтахтдан келган машҳур санъаткорлар ва воҳанинг фольклор ансамблари, эл суйган бахшиларининг қизиқарлари дастурлари намойиш этилмоқда. Турли халқ ўйинлари кўнгилларга бир олам қувонч улашаётир. Мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва вилоят туманларидан келган уч юздан ортиқ полвон 250 миллион сўмлик соврин жамғармасига эга кураш мусобақасида турли вазн тоифасида ўзаро куч синашмоқда. Ана шу маблағнинг 100 миллион сўми бош соврин учун ажратилган.
Отчопарда миллий қадриятларимиз кенг тараннум этилаётган байрам тадбирлари ва кураш мусобақаси қизғин давом этмоқда.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири