Сурхондарёликлар муддатидан олдин овоз бермоқда
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини очиқ, ошкора ўтказиш учун 861 та участка сайлов комиссияси фаолият юритмоқда. Муҳим сиёсий тадбирда сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини ифода этиши учун сайлов участкалари замонавий усулда жиҳозланиб, эркин овоз бериши учун барча шароит яратилди.
Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 20 июндаги қарорига мувофиқ сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган фуқаролар учун 28 июндан муддатидан олдин овоз бериш бошланди. Шунга мувофиқ округ сайлов комиссияси сайловчиларнинг муддатидан илгари овоз бериши учун етарли миқдорда сайлов бюллетени билан таъминлади. Вилоятдаги сайлов участкаларида бугун кечга муддатидан олдин овоз бериш якунланади.

Вилоятдаги 131-сайлов участкаси Ангор туманидаги “Янгиобод” маданият марказида жойлашган. Миллий қонунчилигимиз доирасида жиҳозланган сайлов участкасида муддатидан илгари овоз берувчилар учун зарур қулайлик яратилиб, олдиндан овоз бериш истагини билдирган сайловчиларнинг мурожаатлари ўрганилиб, тегишли тартибда қаноатлантирилмоқда. Жумладан, Мағфират Муродова ва Манзура Ражабовалар тумандаги 5-мактабгача таълим ташкилотида ишлайди. Улар сайлов куни қўшни вилоятга тадбирга боришни режалаштирган.

– Жорий йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбир ўтказилмоқда, – дейди М.Муродова. – Биз эса шу куни қўшни вилоятда ўтказиладиган оилавий тадбирда қатнашишимиз керак. Яратилган имкониятдан фойдаланиб, сайлов участкасига келдик ва ўз хоҳишимизни эркин билдирдик. Бунгача номзодларнинг дастурлари билан ҳам яқиндан танишиб чиқдик. Конституциявий ҳуқуқимиздан фойдаланиб ўзимизга маъқул номзодни қўллаб-қувватладик.


Мазкур сайлов участкасида рўйхатга олинган 2 минг 30 нафар сайловчининг юздан ортиғи муддатидан илгари овоз берди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА