Сурхондарёда жамғармаси 5 миллиард сўмлик фан олимпиадаси ўтказилмоқда
Сурхондарё вилоятида Термиз иқтисодиёт ва сервис университети, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мактаб ўқувчиларининг умумий жамғармаси 5 миллиард сўмлик фан олимпиадаси бўлиб ўтмоқда.
Термиз иқтисодиёт ва сервис университети ташаббуси билан ўтказилаётган олимпиадада умумтаълим мактабларининг битирувчи синф ўқувчилари математика, кимё, биология, ўзбек тили ва адабиёти, рус, инглиз тиллари ва информатика фанлари бўйича тест асосида ўз билими ва иқтидорини синаб кўрмоқда.

Айни пайтда фан олимпиадасининг таълим муассасаларидаги иқтидорли ўқувчилари ўртасида ўтказилган дастлабки поғонасида ғолиб бўлган ўғил-қизлар туман ва шаҳар босқичларида иштирок этмоқда.

Маълумотларга кўра, вилоятда 990 дан ортиқ умумтаълим мактабида ёш авлод таълим-тарбия олмоқда. Таълим муассасаларидаги энг иқтидорли ўқувчиларни аниқлаб, қўллаб-қувватлаш, муносиб рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган олимпиадани шаффоф ва адолат тамойиллари асосида ўтказиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Шунга кўра, тест саволларини етказиш, сақлаш ва синовларни ўтказиш босқичлари ишончли назорат қилинмоқда. Барча жараёнларда университет ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари бевосита қатнашиб, очиқлик ҳамда холисликни таъминлаётир.

Олимпиада ғолиб ва совриндорлари муносиб рағбатлантирилиб, туман босқичида фанлар бўйича биринчи ўринни қўлга киритган ўқувчилар Термиз иқтисодиёт ва сервис университетига 50 фоизлик грант асосида ўқишга қабул қилинади. Вилоят босқичи ғолибларига 12 миллион сўмдан пул мукофоти топширилиб, тўлиқ грант асосида университетда ўқиш имконияти берилади. Иккинчи ўринга 9 миллион сўм, учинчи ўринга 7 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланиб, тўлиқ грант асосида ўқиш учун сертификат топширилади. Шунингдек, иқтидорли ўқувчиларнинг устозлари ва таълим муассасалари раҳбарлари учун ҳам пул мукофотлари ажратилган. Олимпиаданинг вилоят босқичига энг кўп ғолиб тайёрлаган туман, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирларини рағбатлантириш кўзда тутилган.

Фан олимпиадасининг вилоят босқичи шу йил 30 апрель куни Термиз иқтисодиёт ва сервис университети биносида ўтказилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири