Сурхондарёда ёшлар фестивали
ФОТОРЕПОРТАЖ
Юқори марралар ва катта мақсадлар сари кенг йўл.
Сурхондарё вилоятида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган фестиваль минглаб йигит-қизларни ана шу эзгу ғоя атрофида бирлаштирди. Тадбир доирасида Сурхондарё вилояти ҳокими ва ёшлар учрашуви, “Қувноқлар ва зукколар”, “Ёш китобхон”, бахшичилик кўрик-танловлари, марафон ва эстафеталар, кўнгилочар дастурлар, шунингдек, меҳнат ярмаркаси, миллий таомлар намойиши ташкил этилди.
[gallery-7638]
Термиз шаҳридаги қарийб 35 гектар майдонни қамраб олган Санъат саройи боғида Термиз шаҳар ва барча туманлар учун ажратилган жойлардаги махсус павильонларда миллий қадриятларимизга бағишланган кўргазмалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
Ҳоким ва ёшлар учрашувида кам таъминланган, қийин шароитда яшаётган оилалар фарзандлари бўлган, шунингдек, энг билимли, изланувчан талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг бир гуруҳига контракт пулини тўлаб бериш имтиёзини берувчи махсус сертификатлар топширилди.
Ранг-баранг ва қизиқарли лойиҳалари билан Сурхон воҳаси ёшларида унутилмас таассуротлар қолдирган фестиваль таниқли санъаткорлар ижросидаги гала концерт билан якунланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА