Сурхондарёда пилла топшириш бошланди
Ангор туманида етиштирилган пилла ҳосили “Агропилла” масъулияти чекланган жамиятининг қабул масканига пешма-пеш етказиб берилмоқда.
Жорий йил ҳосили учун ангорлик пиллакорлар 3 минг 58 қути ипак қуртини парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Шу кунларда ҳосил уюшқоқлик билан йиғиб олинмоқда.

– Пиллачилик ҳам қўшимча даромад манбаи, – дейди пиллакор Дилафрўз Тўраева. – Бу йил 4 қути ипак қуртини оилавий парваришлаб, салмоқли ҳосил тўпладик. Шу кунларда сифатли хом ашёни қабул пунктига етказиб беряпмиз.

Вилоятнинг Музработ туманида ҳам пилла топшириш қизғин паллага кирди. Баҳор фаслида тумандаги “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти, 319 та фермер хўжалиги ва кўнгилли аҳоли хонадонларида маҳаллий иқлимга мос 2 минг 754 қути ипак қурти боқилди. Айни пайтда пиллакорлар бир қути ипак қуртидан ўртача 60-65 килограммдан ҳосил йиғиб олмоқда.

Бу йил баҳорги мавсумда Ангор тумани пиллакорлари 184 тонна, музработликлар 165 тоннадан ортиқ хом ашё топширади.


Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида парваришланаётган 38 минг 100 қути ипак қуртидан қабул масканларига 2 минг 286 тонна саноат учун қимматбаҳо пилла хом ашёси топшириш мўлжалланмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири