Сурхондарёда ўрик экспорти бошланди
Термиз тумани Халқабод маҳалласидаги “SPN Humoagro” масъулияти чекланган жамияти боғида пишиб етилган ўрикни хорижга экспорт қилиш бошланди.


Масъулияти чекланган жамияти боғбонлари 58 гектар майдонда Туркия, Италия, Греция каби давлатларнинг 18 турдаги эртапишар, ҳосилдор навларини парваришламоқда. Боғбонларнинг айтишича, об-ҳаво ўтган йилларга нисбатан совуқ бўлган бу йилги шароитда ҳам ўрик ҳосили мўл бўлди. Айни кунларда пишиб етилаётган мева тез, сифатли териб олиниб, ҳар куни 10 тоннадан ортиқ маҳсулот Россияга экспорт қилинаётир. Бир қисми маҳаллий аҳоли истеъмоли учун ички бозорга чиқарилмоқда. “SPN Humoagro” масъулияти чекланган жамияти бу йил 300 тоннага яқин ўрик ҳосилини териб-йиғиб олиб, хориждаги буюртмачиларига қарийб 350 минг долларлик мева етказиб беришни мўлжалламоқда. Ўрикзорда 30 нафар доимий, 300 га яқин мавсумий боғбон меҳнат қилади.


Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири