Сурхондарёда муддатидан олдин овоз берилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси ҳудудидаги сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш бошланди.
Сайлов кодексида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга экани алоҳида белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 5 октябрдаги қарори билан 14-20 октябрь кунлари мамлакатимиздаги барча сайлов участкаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови учун муддатидан олдин овоз бериш белгиланди.

Вилоятда мавжуд 860 та сайлов участкасида сайловни очиқ-ошкора, умумэътироф этилган тамойиллар асосида ўтказиш учун барча шароит яратилиб, шай ҳолатга келтирилди. Миллий қонунчилигимиз доирасида жиҳозланди. Пандемия шароитидан келиб чиқиб, мамлакатимизда белгиланган карантин қоидаларига қатьий риоя этиш чоралари кўрилди.

Муддатидан олдин овоз бериш бошланган илк кунда Термиз шаҳридаги 241-сайлов участкасига уч нафар сайловчи мурожаат этиб, ўз хоҳиш иродасини эркин ифода этиш истагини билдирди.

–Тиббий кўрикдан ўтиб, соғлигимни тиклаш учун пойтахтга боришни режалаштириб қўйган эдим, – дейди Юлдуз маҳалласида яшайдиган меҳнат фахрийси Панжи Бердиев.– Ўйлаб кўрсам, жорий йилнинг 24-октябрь куни ҳам Тошкент шаҳрида бўлар эканман. Бугундан муддатидан олдин овоз бериш бошланаётганидан хабар топиб, фуқаролик бурчимни бажариш учун сайлов участкасига келдим. Ариза билан мурожаат этдим. Ўзим танлаган номзодга эмин-эркин овоз бердим. Энди кўнглим хотиржам йўлга чиқаман.
Мазкур сайлов участкасида 1 минг 454 сайловчи руйхатга олинган. Уларнинг 30 нафари ногиронлиги бор бир нафари юз ёшдан ошган фуқаролар ва 16 нафари илк марта сайловда қатнашаётган ёшлардир. Сайлов участкаси жорий йилнинг 24-октябрь куни яшаш манзилида бўлмайдиган фуқароларнинг муддатидан олдин овоз бериши учун шай ҳолатга келтирилган.

–Узрли сабабларга кўра, сайлов куни ўз яшаш манзилида бўлмайдиган сайловчиларимиз бугундан келиб, ўзлари танлаган номзод учун муддатидан олдин овоз беришни бошлади, – дейди Термиз шаҳридаги 241-участка сайлов комиссияси раиси Гулчеҳра Бобоева. – Дастлабки уч нафар сайловчимиз сиёсий партияларнинг кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида муддатидан олдин овоз берди. Блюттенларини конвертга жойлаб бергач, комиссия аъзолари имзоси қўйилиб, сайлов участкаси муҳри босилди ва махсус сейфга солиб қўйилди.
Бугун шунингдек, Термиз давлат университети ахборот-ресурс маркази бўлим мудираси Азиза Аширмаматова, шаҳардаги 15-умумтаълим мактаби директорининг ўринбосари Одил Эшболтаевлар ҳам 241-сайлов участкасига келиб, Ватанимизнинг эртанги келажаги учун муддатидан олдин овоз берди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА