Сурхондарёда МИБ ходимлари кўчат экмоқда
Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими ходимлари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида яқинда фойдаланишга топширилган маъмурий бино атрофидаги бўш ерларга кузги кўчат экиб, ҳудудни кўкаламзорлаштирди.
– Яхши ниятлар билан қадаётган кўчатларимиз ҳадемай ёзнинг чилласида қуюқ соя берадиган дарахтга айланади, – дейди МИБ Термиз шаҳар бўлими бошлиғи Олим Холмўминов. – Мевали дарахтларимиз ҳосилга киради. Теварак-атроф яшилликка бурканиб, ҳаво мусаффо бўлади. Шундай эзгу мақсадда бугун янги бино атрофига юз тупга яқин манзарали дарахт кўчатларини ўтқаздик. Яна юз тупдан ортиқ манзарали ва 20 туп мевали дарахт кўчатини экиб, мўъжазгина боғ барпо этмоқчимиз.

Мамлакатимизда эълон қилинган дарахт экиш бўйича «Долзарб 40 кунлик»доирасида МИБ Термиз тумани бўлими ходимлари ҳам ўзлари фаолият юритаётган маъмурий бино атрофини яшилликка буркади.
– Президентимиз илгари сурган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ходимларимизни ягона эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, бўш турган ерларни кўкаламзорлаштиришга ундади, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қобилжон Турсунов. – Улар нафақат, маъмурий бинолари атрофи балки, ҳудуддаги кўчаларнинг бўш турган ерларига ҳам турли манзарали дарахт кўчатлари ўтқазишга бел боғлади.

Мажбурий ижро бюросининг бошқа туманлар бўлимлари ходимлари ҳам дарахт ва бута экиш бўйича «Долзарб 40 кунлик»да фаол иштирок этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА