Сурхондарёда кўчат экишга киришилди
Сурхондарё вилоятида "Яшил ватаним" акцияси доирасида жорий йил куз ва келгуси йил баҳор мавсуми учун кўчат экиш бошланди.
Вилоят ҳокимлиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ўрмон хўжалиги бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган оммавий тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, янги боғ-роғлар барпо этишга алоҳида эьтибор қаратилаётгани қайд этилди. Шунга мувофиқ кўчат экиладиган ҳудудларга масъулларни бириктириш, дарахт кўчатларини мавсум давомида парваришлаш, уларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва пайҳон этилишининг олдини олиш зарурлиги таъкидланди.
Сурхондарё вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида воҳада 18 миллион 763 мингдан ортиқ турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, парваришланаётгани бунга яққол далилдир.
Янги йилнинг февраль ойигача давом этадиган акция давомида вилоят бўйича 17 миллион 993 минг дона турли дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Унинг 1 миллион 54 минг тупи Термиз шаҳридаги маҳаллалар, гузар ва хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, марказий кўчалар атрофига ўтқазилади.
Акция иштирокчилари воҳа марказидаги Санъат саройи, Фидокор, Шифокор, Ат-Термизий, Ибн Сино, Ислом Каримов номли кўчалар атрофига 10 минг дона манзарали дарахт кўчатларини қадади.
Тадбирда вилоят ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди ва илк кўчатни ўтқазиб берди.




Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА