Сурхондарёда кўчат экиш бошланди
Сурхондарё вилоятининг барча туманлари ва Термиз шаҳрида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш бўйича "Долзарб 40 кунлик" тадбирига старт берилди.
Шу муносабат билан Термиз шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таькидланганидек, Президентимиз раислигида жорий йилнинг 11-октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022 йилнинг 20-октябридан 1-декабригача мамлакатимизда кўчат экиш бўйича "Долзарб 40 кунлик" тадбири эълон қилинган эди. Шунга мувофиқ вилоятда тегишли чора-тадбир белгиланиб, тадбирни юқори савияда ўтказишга алоҳида ҳозирлик кўрилди.
-Ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларига қаратилаётган бундай юксак эьтибор Янги Ўзбекистонни дунёга кенг тараннум этишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда, – дейди сенатор Орзиқул Соатов. – Зеро, ҳар бир экилган ниҳол улкан дарахтга айланиб, табиатнинг гўзаллигини, атмосфера ҳавосининг мусаффолигини таъминлайди. Сайёрамизнинг турли давлатларидан келаётган меҳмонларга ўзгача тароват, файз улашади.
Вилоятда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳорги кўчат экиш мавсумида 10 миллион 57 минг туп дарахт ва бута кўчати экилган эди. Кузги мавсумда 6 миллион 500 минг дона манзарали, мевали ва бута кўчатини қадаш режалаштирилган. Кўчатлар нархининг ўсиб кетиши олдини олиш учун Термиз шаҳри ва туманлар марказий деҳқон бозорлари ҳамда маҳалла марказларида кўчат сотиш ярмаркалари ташкил этилади. Марказий кўчаларга бир турдаги дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали “чинор кўчаси”, “қарағай кўчаси”, “узум кўчаси” каби 15 дан ортиқ намунавий кўчалар ташкил этилишига алоҳида аҳамият берилади.
Воҳада "Долзарб 40 кунлик” тадбирида кўчат экиш ишларини тизимли ва уюшқоқлик билан ташкил этиш учун ишчи гуруҳ тузилиб, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллалар, йўл бўйлари, дала четларида экиладиган дарахт ва буталар миқдори, тури ҳамда ҳудудларга кўчат етказиб берувчи субъектлар белгилаб олинган.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири