Сурхондарёда чигит униб чиқди
Жорий йилда Сурхондарё вилояти пахтакорлари 72 минг гектар майдонда эртапишар ва серҳосил ғўза навларини парваришлайди. Айни кунларда мавжуд майдонларга барака уруғи қадаш қизғин давом этмоқда.
Олинган маълумотларга кўра, шу кунгача чигит экиш учун тайёрланган майдонларнинг қарийб 52 минг гектарига уруғ сепилди. 28 минг гектарга яқин майдонда чигит бир текис униб чиқди. Ғўза ниҳоллари бўй кўрсатган экин майдонларида ниҳолларни парваришлаш юмушлари ҳам бошланди.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон туманидаги “Замин оқ олтин” фермер хўжалиги даласида бўлиб, ниҳоллар униб чиққан далаларга ишлов бериш жараёнлари билан танишди.
Тумандаги “Замин оқ олтин” фермер хўжалиги эрта баҳорда 37,6 гектар ерга “СП-1607” навли серҳосил ва тезпишар ғўза уруғини қадаб, ундириб олди. Ҳар гектар ердан ўртача 50 центнердан ҳосил олишни мўлжаллаётган тажрибали фермер воҳада биринчилардан бўлиб, ниҳолларни парваришлашга киришди.

–Пахта миллий бойлигимиз, бошоқли дон тўкин турмушимиз манбаи,–деди вилоят раҳбари.– Ҳар иккисини ҳам меҳр билан парваришлаб, мўлжалдаги ҳосилни йиғиб олишимиз керак. Лекин дала атрофларидаги бўш ерлардан ҳам оқилона фойдаланишимиз зарур. Бунинг учун дала четларига ҳудуд иқлимига мос озиқ-овқат экинларини экиб, салмоқли ҳосил етиштирса, қўшимча даромад топса бўлади. Бўш ерлардан бундай усулда фойдаланиш қишлоқда қўшимча иш ўрни яратиш баробарида бозорларимизда нарх-навонинг янада арзон бўлишига олиб келади.

Вилоят ҳокими олимлар, мутахассислар ва фермерларга пахтадан мўл ҳосил олиш учун ҳозирдан барча агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли ўтказиш юзасидан тегишли таклиф ҳамда тавсияларини билдирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири