English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхондарёда 8 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага меҳр-мурувват кўрсатилди

Сурхондарё вилоятида муқаддас Рамазон ойида 15 мингга яқин кам таъминланган оила озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминланади. Шу кунгача воҳада 8 минг 290 оила бағрикенглик, покланиш, хайру саховат ойининг меҳр-мурувватидан баҳраманд бўлди.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Қумқўрғон тумани студияси орқали ўтказган навбатдаги онлайн оммавий қабулида барчани муборак Рамазони шариф билан табриклаб, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида атрофлича сўз юритди. 

Президентимизнинг жорий йил 17 февралдаги “Муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарори ҳам ижтимоий адолатни таъминлаб, инсон қадрини улуғлашга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътиборнинг юксак намунаси бўлганини алоҳида қайд этди.

Қабул чоғида марказий ва ҳудудий студиялар орқали 142 кишининг 165 та турли масаладаги мурожаати тингланиб, уларни қонунчиликда белгиланган тартибда, аниқ муддатлар асосида кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун вилоят, туман, шаҳар даражасидаги масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди. Ижроси қатъий назоратга олинди.

Оммавий қабул якунида марказий ва ҳудудий студияларда туман, шаҳар ҳокимлари уч мингдан ортиқ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, шунингдек, якка ёлғиз истиқомат қилувчи кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари топширди. 

Айни пайтда ҳудудларда уй шароитида парваришланаётган, қабулда иштирок этиш имконияти бўлмаган якка ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган инсонларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари уларнинг хонадонларига етказиб берилмоқда.
Вилоятда ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб, зарур ёрдам кўрсатиш давом этади. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА