Сурхондарё вилоят ички ишлар органлари ходимлари оилалари ўртасида “Намунали оила” кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг қуйи босқичларидан саралаб олинган ички ишлар органларида камида беш йил иш стажига эга, оила қурганига 8 йил тўлган, ҳаракатдаги интизомий жазоси мавжуд бўлмаган ходимлар ва оила аъзолари ўзаро беллашди. Улар танлов шартларини бажариш чоғида белгиланган мезонлар асосида ўз истеъдод ва қобилиятларини кенг намойиш этди.


Қизғин баҳсларга бой бўлган тадбир якунида Ангор тумани ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспектори, капитан Фурқат Қувватов оиласи фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олди. Термиз шаҳар ИИБ биринчи ИИБ навбатчилик қисми катта инспектор – навбатчиси, катта лейтенант Фарҳод Дўланов оиласига иккинчи, Шеробод тумани ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси ижтимоий профилактика катта инспектори, майор Элмурод Нормуродов оиласига учинчи ўрин насиб этди.



Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимлар ва оила аъзоларининг истеъдодини юзага чиқариш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, осуда ҳаётимиз посбонлари ва уларнинг оилаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган танлов ғолиблари муносиб рағбатлантирилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири