Сурхондарё туристик маконга айланмоқда (+ видео)
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасини диққат билан тингладик. 2023 йилда барча соҳалар қатори туризмга ҳам катта эътибор берилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Сурхондарё вилоятида туризм салоҳияти юқори бўлган билан бу соҳага эътибор кам эди. 2018 йилда воҳага 85 минг маҳаллий ҳамда хорижлик сайёҳлар ташрифини кузатган бўлсак, 2022 йилга келиб, бу кўрсаткич ўн бараварга ошганини кўришимиз мумкин. Яъни, бугунгача 825 минг хорижий ҳамда маҳаллий сайёҳ келди. Туризм инфратузилмасида олиб борилган самарали ишлар ҳақида алоҳида тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда меҳмонхоналар сони 46 тага, хостеллар сони 9 тага етди. 2018-2022 йиллар давомида вилоятда 130 га яқин оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури, ёшлар туризми, кексалар, аёллар туризми каби йўналишларда кўплаб саёҳатлар ташкил этилди. 2018 йилга қадар Сурхондарё вилоятида саёҳатларни ташкил этиш учун биронта транспорт воситаси йўқ эди. Сўнгги тўрт йил давомида замонавий автобуслар, электромобиллар, сувда сузувчи моторли қайиқлар туроператорлар ёки тадбиркорлар томонидан олиб келинди.
2018 йилга қадар вилоятда учта туроператор фаолият юритган бўлса, бугунги кунда 40 туроператор фаолияти йўлга қўйилган. Соҳага берилаётган имтиёзлар ва афзалликлар туфайли қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларнинг йўлга қўйилиши, визасиз режим ёки енгиллаштирилган виза тартибларининг жорий этилиши натижасида қўшни Тожикистондан ёки қўшни Афғонистон давлатидан сайёҳлар оқими кўпайганини кузатиш мумкин. Воҳанинг ўзига хос туризм йўналишлари буддизм, спела, экотуризм ёки тиббиёт туризми йўналишларида ҳам самарали ишлар ташкил этилгани натижасида Европа ёки Шарқий Осиё давлатларидан сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада кўпайганини кўришимиз мумкин. 2021-2022 йиллар давомида туризм обьектлари ҳисобланган кўплаб маданий мерос обьектларида тиклаш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Йўллар таъмирланди. Стандарт талабларига жавоб берадиган йўл кўрсаткич белгилари ўрнатилди. Асосий туризм оқимининг кўпайишига хизмат қилган яна бир омиллардан бири – вилоятда ўтказилган катта-катта тадбирлардир. Бу 2019 йилда биринчи марта ўтказилган бахшичилик халқаро фестивали, “Бойсун баҳори” анъанавий фестивали бу йилдан бошлаб халқаро даражада ўтказиладиган бўлди.
Кураш халқаро мусобақаси, археология туризм форумлари ёки бизнес форумларни мисол келтиришимиз мумкин. Шу каби тадбирлар албатта, туризм оқимининг кўпайишига хизмат қилди. Зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида Вақф хайрия жамоат фондига қарашли 70 та зиёратгоҳ бўйлаб саёҳатлар ташкил этилиши 2023 йилда режалаштирилган. Воҳамизнинг Бойсун туманида Юнон-Бақтрия тарихи маданияти музейини йўлга қўямиз. Термиз шаҳрида узоқ йиллар Сурхондарё вилоятида археологик тадқиқот олиб борган япон олими Като Кюдзенинг мемориал музейини бунёд этиш бўйича ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/23aFLvwNdeI" title="Сурхондарё туристик маконга айланмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Зебунисо Алимардонова,
Сурхондарё вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари