Йилнинг тўрт фаслида ҳам инсонни ўзига мафтун этадиган Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги баланд тоғ чўққилари ва Сариосиё туманидаги "Юқори Тўпаланг" миллий табиат боғига қишли-қировли мавсумнинг илк қори тушди.
Совуқ кунлар эшик қоқаётганидан дарак берган оппоққина момиқ либос осмонўпар ҳудудларнинг денгиз сатҳидан 1 минг 500–2000 метр баландликдаги тоғлари бағрига зумрад қиш мавсуми кайфиятини улашди. Мутахассисларнинг айтишича, айни пайтда бу ҳудудларда об-ҳаво ҳарорати –1 –2 даражагача пасайган.

Қиш фаслининг дастлабки қори тоғлар этагидаги қишлоқлар аҳолисига ўзгача завқ бағишламоқда. Улар куздан тоғ чўққиларининг оппоқ қорга бурканаётгани келгуси йилнинг деҳқон ва боғбонлари учун янада баракали, мўл-кўлчилик бўлишидан дарак бермоқда, дея қувонишмоқда.





Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири