Сурхондарё тандири – миллий таъм ва анъаналар тимсоли
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбек миллий таомлари орасида алоҳида ўрин тутадиган тандир гўшти нафақат мазали таом, балки асрлар давомида шаклланган турмуш тарзи, меҳмондўстлик ва миллий қадриятларнинг ёрқин ифодасидир. Айниқса, Сурхондарё вилояти номи тилга олинганда, кўпчиликнинг кўз олдига тандирда пишган, ўзига хос ҳид ва таъмга эга ширали гўшт манзараси келади.
Тандир гўшти тайёрлаш жараёни оддий пиширишдан анча фарқ қилади. У ўзига хос анъана ва тажрибага асосланган маросим ҳисобланади. Аввало, тандир ичида кучли олов ёқилиб, унинг деворлари қиздирилади. Одатда, ўтин сифатида мевали дарахтлардан фойдаланилиши гўштга ўзига хос ҳид ва таъм бағишлайди.
Гўшт, асосан, қўй ёки эчки гўштидан танланиб, катта бўлакларга ажратилади. У туз ва турли зираворлар билан аралаштирилади. Айрим ҳудудларда пиёз, саримсоқ ва маҳаллий ўсимликлар қўшилиб, таъми янада бойитилади. Шундан сўнг гўшт махсус илгакларга осилиб, тандир ичига жойлаштирилади ва оғзи маҳкам ёпилади. Натижада гўшт ўз буғи ва иссиқлик таъсирида секин-аста пишиб, ташқи томондан қизарган, ичи эса юмшоқ ва ширали ҳолга келади.
Тандир гўшти тайёрлаш анъаналари ҳудудлар кесимида ўзига хослик касб этади. Хусусан, Бойсун туманида табиий ўсимликлар ва ёввойи зираворлардан кенг фойдаланилса, Шеробод туманида гўштни олдиндан маринад қилиш анъанаси ривожланган. Бошқа ҳудудларда эса тандир тури, ўтин танлови ва пишириш усуллари билан фарқ қилади. Бу эса мазкур таомни янада бой миллий мерос сифатида намоён этади.
[gallery-29160]
Сурхондарё аҳли учун тандир нафақат пишириш воситаси, балки қадрият, бирлик ва барака тимсоли ҳисобланади. У ўзида миллий руҳ, тарих ва анъаналарни мужассам этган ноёб таом сифатида эътироф этилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА