Сурхондарё сайёҳларни мафтун этишда давом этади
Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга Мурожаатномаси дунё глобал инқирозни бошдан кечираётган бир пайтда мамлакатимизда эришилган натижаларни сарҳисоб қилиб, янги йил вазифаларини белгилаб бергани ва унда барча тармоқлар қатори туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар ўз ифодасини топгани билан аҳамиятли бўлди.
Якунланаётган йилда сайёрамизга чанг солган пандемия жаҳон сайёҳлик соҳасига жиддий таъсир этди. Кўплаб давлатларда туризмни инқироз ёқасига келтириб, иқтисодиётини танг аҳволга солиб қўйди. Шундай оғир ҳолатда юртимизда кўрилган зарур чора-тадбирлар соҳани қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлди. Президентимизнинг 2020 йил 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашга хизмат қилаётир.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ туризм йўналишида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субьектларига мақсадли фоизсиз ссудалар ажратиш жорий этилди. Ҳозиргача вилоятдаги ўнбешга яқин меҳмонхона ва туроператорлик фирмалари ушбу имтиёздан фойдаланиб, ходимларининг иш ҳақини тўлаш орқали сақлаб туриш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 400 миллион сўмга яқин мақсадли фоизсиз ссуда олди. Шунингдек, фармон ижроси доирасида 20 та тадбиркорлик субьектининг жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлари бўйича 31 миллиард сўмдан зиёд асосий қарз тўлови 18 ойдан 24 ойгача узайтирилди.
Глобал инқироз шароитида мамлакатимизда соҳага қаратилган бундай эътибор карантин чекловлари ўрнатилган бир пайтда ҳам тадбиркорларга шижоат бағишлаб, уларнинг режалаштирилган бунёдкорлик ишларини давом эттиришга ундади. Жумладан, дастурга кўра, воҳада 2020-2021 йилларда лойиҳа қиймати 288,3 миллиард сўмлик, шундан 110,2 миллиард сўм ва 7,6 миллион доллар хорижий инвестиция маблағлари эвазига 2 минг 863 ўринли 63 та меҳмонхона қурилиши белгиланган эди. Ўтаётган йилда ана шу жойлаштириш воситаларининг 20 дан ортиғи фойдаланишга топширилиб, 250 га яқин янги иш ўрни яратилди. 70 дан ортиқ оилавий меҳмон уйи барпо этилди. Чунки, дунёда туризм оғир инқирозни бошдан кечираётган қалтис пайтда юртимизда соҳанинг молиявий қўллаб-қувватлангани сайёҳлик йўналишида хизмат кўрсатаётган тадбиркорларнинг пандемиядан кейинги даврда туризмнинг янада ривожланишига ишонч ҳиссини мустаҳкамлади. Айни пайтда вилоятда етмишга яқин меҳмонхона, юздан ортиқ оилавий меҳмон уйлари ва қарийб 40 та туроператорлик фирмаси сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида туризм соҳасига берилган имтиёзлар янги йил якунигача сақланиб қолишининг маълум қилингани, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришнинг энг мақбул йўллари белгилаб берилгани тадбиркорларимиз томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. Ишбилармонларимизда соҳада турли хизматларни кўрсатишга иштиёқ, қизиқиш ошди.
Оғир, синовли кечган йилда туризм учун бой имкониятларга эга воҳага сайёҳлар келиши кескин камайгани сир эмас. Хусусан, вилоятга жорий йилда 6 минг 700 дан ортиқ хорижлик, 25 мингга яқин маҳаллий сайёҳ келиб, муқаддас қадомжоларни зиёрат қилди. Тарихий, археологик обидалар билан яқиндан танишди. Бой табиат манзараларидан бахраманд бўлиб, сўлим гўшаларда дам олди, саломатлигини тиклади.
Вилоятда палеолит замонидан XX асргача бўлган даврни қамраб олган 561 та табиий ва маданий мерос ёдгорлиги мавжуд. Улардан 444 таси археология, 36 таси меъморчилик ва муқаддас қадамжолар, 39 таси ҳайкалтарошлик ёдгорликлари, 42 таси диққатга сазовор жойлардир. Эндиликда қадимий Сурхон воҳаси гўзал табиат манзаралари, шифобахш булоқ сувлари, сиру-синоатли ғорлари билан ҳам дунёга танилмоқда.
Якунланаётган йил сарҳисоб қилинаётган бир пайтда биз давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш чора-тадбирларини белгилаб олмоқдамиз. Шунга мувофиқ Янги йилда воҳада ички туризмни кенг ривожлантириш орқали юз мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳни қабул қилиш мўлжалланмоқда. Дунёнинг турли мамлакатларидан 45 мингдан зиёд хорижлик сайёҳлар келиши кутилаётир. Бунинг учун сайёҳлик обьектлари сонини ошириш, меҳмонларга қулай шароитлар яратиш, хизматлар кўрсатиш самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилади. Лўнда қилиб айтганда, Янги йилда ҳам Сурхондарё сайёҳларни мафтун этишда давом этади.
З.НАМОЗОВ,
Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи