Сурхондарё делегацияси Татаристонда
Бугун Сурхондарё вилоятининг бир гуруҳ туман ҳокимлари ва тадбиркорларидан иборат делегация аъзолари Қозон шаҳрида ўтказиладиган “Россия – Ислом дунёси 2024: Казанфорум” 15-халқаро иқтисодий форумида иштирок этиш учун Татаристонга етиб борди.
Бу ҳақда ЎзАга хабар берган вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатовнинг маълум қилишича, вилоят ҳокими ўринбосари – инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Шерали Жўраев бошчилигидаги делегация сафарнинг илк куни “Казан Халал Маркет” халқаро савдо ярмаркасининг очилиш маросимида қатнашди. Шунингдек, Шерали Жўраев Татаристон Республикаси саноат ва савдо вазири Олег Коробченко билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, ўтган музокаралар чоғида белгилаб олинган лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама этди.
[gallery-17417]
Делегация аъзолари Қозон шаҳридаги замонавий ишлаб чиқариш корхоналари билан танишиб, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди.
“Казанфорум” Россия Федерацияси ва ислом дунёси мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг асосий федерал платформаси бўлиб, унинг мақсади Россия ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Жорий йилги форум доирасида “Россия Ҳалал Эхпо 2024” иқтисодий, илмий ва технологик ҳамкорлик халқаро кўргазмаси, Қозон ҳалол бозори халқаро савдо ярмаркаси ва бошқа тадбирлар, фестиваллар ташкил этилиши режалаштирилган.
Вилоят делегациясининг Татаристон Республикасига сафари давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири