Сурхондарёда «ёшлар ойлиги» бошланди
Ойлик доирасида вилоятда 50 дан ортиқ турли тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
Ойлик доирасида вилоятда 50 дан ортиқ турли тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 25 августдаги «Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонуни билан мамлакатимизда 30 июнь – Ёшлар куни этиб белгиланди. Шунга мувофиқ июнь ойида юртимизнинг барча ҳудудларида «Ёшлар ойлиги»ни ўтказиш анъанага айланди.
Сайёрамизга чанг солган пандемия шароитида ҳам ушбу ойлик ўзгача шукуҳда ташкил этилмоқда. Тадбирлар карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда интернет тармоқлари орқали кенг қамров ва таъсирчан усулларда ўтказилаётир.
Термиз шаҳридаги Матбуот уйида ташкил этган матбуот анжуманида шу ҳақда атрофлича маълумот берилди. Ойликнинг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.
– Ойликнинг кўтаринки руҳда бошлангани ёшларимизда катта қизиқиш уйғотди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Шерзод Олимов. – Дастлабки кунда бўлиб ўтган “U-report” нима?” онлайн семинар тренинг, «Раҳбарликгача йўл» мавзуидаги онлайн давра суҳбатларида улар фаол қатнашиб, ўз салоҳиятларини кенг намойиш этди. Ўйлайманки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Бешта муҳим ташаббус» ижросига бағишланган тадбирларимиз янада қизиқарли, сермазмун ва мароқли бўлади. Унда элимиз суйган санъаткор ва ёзувчилар, моҳир спортчилар, ахборот технологиялари мутахассислари ҳамда етакчи раҳбар аёллар билан онлайн учрашувлар уюштирилади. Шунингдек, жойларда онлайн меҳнат ярмаркалари, «Ҳоким ва ёшлар» учрашувлари, қўшни давлатлар ёшлари форуми, «Маҳалламнинг энг яхши ёш ҳунарманди» каби лойиҳалар ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Икки юз мингдан ортиқ ўғил-қизни қамраб олиш режалаштирилаётган тадбирлар давомида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида юздан зиёд эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларига меҳр-мурувват улашилиб, кўмак берилади. «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси асосида имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 1 минг 67 нафар фарзандига ғалладан бўшаган майдонлардан бир гектардан ер ажратилиб, уларнинг турли экинлар парваришлаши ҳамда яхшигина даромад олиши учун барча шароит яратилади. «Ёшлар куни» муносабати билан ташкил этилган қизиқарли танловлар ғолиблари муносиб рағбатлантирилади.
Матбуот анжуманида ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан жорий йилнинг олти ойида амалга оширилган ишлар бўйича ҳам маълумот берилди.
