Сурияда янги ҳукумат: Ташқи назар
Сурия 2011 йилдан бошлаб фуқаролар уруши ва сиёсий беқарорлик даврини бошдан кечирмоқда. Жорий йил 8 декабрь куни Башар Асад ҳокимияти ағдарилиши ва "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳи етакчилигида янги муваққат ҳукумат тузилиши бир томондан халқнинг олқишига сабаб бўлди, иккинчи томондан мамлакатда кўп йил давомида шаклланган "яра"ларни газак олдирди. Бу жараён нафақат мамлакат ичкариси, балки халқаро майдонда ҳам муҳим ўзгаришларга олиб келиши мумкин.
Халқаро муносабатлар
Сурия ташқи сиёсати шу пайтгача асосан, Россия ва Эрон билан яқин муносабатга асосланган эди. Агар ўзаро алоқалар ҳозирги бошқарув тизими билан ҳам дўстона руҳда давом этса, ушбу давлатлар Суриянинг урушдан кейинги тикланишида муҳим роль ўйнаши мумкин. Фақат ҳаммаси янги раҳбарларнинг сиёсий қараши, кўзлаган мақсадига чамбарчас боғлиқ.
Ҳукумат билан алоқани чеклаб, Сурияга нисбатан иқтисодий санкция киритганига қарамай, Ғарб давлатлари ҳозирги ўзгаришлар туфайли қарорларини ўзгартириши ҳеч гап эмас.
Минтақавий таъсир
Туркиянинг Сурияда олиб бораётган сиёсати ҳам жуда муҳим. Анқаранинг курдларни бостиришга қаратилган ҳаракати минтақавий беқарорликни кучайтириши мумкин.
Араб давлатлари билан муносабат манзараси ҳам янгиланмоқда: баъзи мамлакатлар янги Сурияни тан олишга тайёрланмоқда.
Халқаро ташкилотларнинг ўрни
БМТ ва бошқа айрим халқаро ташкилотлар Сурияга фаол гуманитар ёрдам кўрсатмоқда, бироқ бундай таъсир чекланган.
Миллатлараро идоралар фаолияти минтақадаги мураккаб вазият туфайли доимий равишда тўсиққа дуч келмоқда.
Умуман, янги ҳукумат шаклланиши бугунги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаши кутиляпти. Айни жараёнда ташқи омиллар ҳам муҳим аҳамият касб этади, албатта; Россия ва Эроннинг таъсири ҳамон устувор, Ғарб санкциясидан қочиш учун Сурия янги иттифоқчилар изламоқда.
Мусулмон Зиё,
ЎзА